Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Йиғилишда «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонунга волонтёрлик фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилган.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасида Ёшлар ишлари агентлигини волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгилаш ва унинг ушбу йўналишдаги ваколатлари назарда тутилмоқда. Шунингдек, давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Депутатларнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳани тартибга солиш ва ривожлантириш, волонтёрлар фаолиятини рағбатлантириш ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳокамалар сўнггида, қўмита томонидан қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш якунлари юзасидан қарор қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг апрелида «Волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинганди. Қарор билан давлат органларининг вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартиби тўғрисида намунавий низом тасдиқланган. 1 июндан Ўзбекистон ёшлар портали негизида яратилган волонтёрлар электрон платформаси ишга туширилилиши керак эди.






