Андижонда янги қурилган ҳамда кредит тўловли уй сотиб олиш истагидаги фуқароларни алдаб, жами 2 миллиард 111 миллион сўмдан зиёд пулларини фирибгарлик йўли билан кўлга киритган эр-хотин ҳамда уларнинг уч нафар жиноий шеригига суд ҳукми ўқилди.
Маълум бўлишича, А.Т. (аёл) ҳамда турмуш ўртоғи Э.Т. Андижон шаҳрининг Ўзбегим, Қўшариқ, Исломобод маҳаллалари ҳудудида маҳаллий ҳокимлик буюртмасига кўра кам таъминланган ва уйга муҳтож оилалар учун қурилиб топширилган янги кўп қаватли уйлардаги вақтинча яшамаётган хонадон эгаларини топиб, уларни ижарага беришга кўндиришган. Хусусан, хонадон соҳибларига бир йиллик ижара ҳақини олдиндан тўлаб, ўзларини гўёки шу уйда яшаётгандек кўрсатишган.
Бир муддат ўтиб, хонадон эгаларининг уйларидан хабар олмаётганидан фойдаланиб, мазкур квартиралар калитларини янги уй олиш ҳаракатида юрган харидорларнинг қўлига тутқазишган. Бунинг учун олдиндан «бошланғич тўловга» деб харидорларнинг ҳар биридан 30 миллион сўмдан 90 миллион сўмгача бўлган маблағларни фирибгарлик билан қўлга киритишган. Жумладан, жабрланувчиларнинг янги хонадонларда эмин-эркин яшайверишлари мумкинлигини, ҳужжатларини эса аста-секин расмийлаштириб беришларини айтиб, ишончига киришган.
Жиноий хатти-ҳаракатларда мазкур оилага ҳамтовоқлари бўлмиш М.Х. (ширкат раиси), Т.У., Х.Т. лар яқиндан ёрдам беришган.
Суд ҳукми билан А.Т.га 6 йил, турмуш ўртоғи Э.Т.га 8 йил 6 ой, Х.Т.га 8 йил 1 ой, М.Х. ҳамда Т.У.ларга эса 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ҳамда келтирилган моддий зарарларни ундириш белгиланган.
Вилоят суди матбуот хизматининг қўшимча қилишича, суд томонидан Андижон тумани ҳамда Андижон шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги болалар ижтимоий ҳимояси билан шуғулланувчи шўъба зиммасига А.Т. қарамоғидаги чақалоғи ҳамда уч ёшдаги фарзандини қариндошлари ёки бошқа шахсларнинг, муассасаларнинг васийлигига ёки ҳомийлигига топшириш тўғрисидаги масала юклатилган.






