Мусобақада 31 мамлакатдан келган 148 нафар шахматчи ғолиблик учун баҳс олиб боришди. Улар орасида "FIDE " таснифида юқори ўринларни эгаллаб турган хитойлик Ванг Хао (2735 рейтинг очкосига эга), россиялик Евгений Томашевский (2702), Ҳиндистон вакили Аржун Эригаиси (2689) каби анча номдор гроссмейстерлар ҳам бор эди, дея маълумот бермоқда Спортни ривожлантириш вазирлиги.
"Халқаро турнирда қатнашган истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров 9 имкониятдан 7 очко жамғарди ва якунда 2-ўринни эгаллади. 1-ўринни эса 7,5 очко жамғарган ҳиндистонлик Аржун Эригаиси эгаллади. Кучли учликка Нидерландия вакили Жорден Ван Форест якун ясаб берди",-дейилади хабарда.
Шунингдек, яна бир нечта шахматчи Абу-Даби турнирида ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Унга кўра, Нодирбек Ёқуббоев 6,5 очко билан 5-ўриндан жой олган бўлса, 6 очко жамғарган Шамсиддин Воҳидов 20-поғонани банд этган. 5,5 очко тўплаган Нилуфар Ёқуббоева эса 40-поғонани эгаллаган.