Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ўзбекистон бокс федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
2 қисмдан иборат бўлган конференциядан қуйидаги масалалар ўрин олди: Ўзбекистон бокс федерациясининг 2018-2022 йилларда амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот, янги 4 йиллик муддат учун федерация раҳбарияти таркибини қайта шакллантириш, федерация уставининг янги таҳририни кўриб чиқиш, федерациянинг янги рамзини тасдиқлаш.



Тадбирда дастлаб федерация раиси ва унинг ўринбосарлари, федерация бош котиби сайланиб, 11 кишидан иборат Ижроия қўмитаси таркиби шакллантириб олинди. Унга кўра, Сакен Пўлатов федерация раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов федерация раисининг ўринбосари, Шоҳид Тиллабоев Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби этиб сайланди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Ачилбай Раматов эса яна 4 йил давомида федерация раиси сифатида фаолиятини давом эттирадиган бўлди.

Тадбир давомида янги лавозимга сайланган мутасаддилар билдирилган ишончни оқлашга, ўзбек боксининг ривожини янги босқичга олиб чиқиб, келаси йил Тошкентда илк бор ўтадиган жаҳон чемпионати, Париж-2024 Олимпия ўйинларида юқори чўққиларга забт этиш учун бор куч-ғайратларини сафарбар қилишга ваъда беришди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Ўзбекистон миллий бокс терма жамоасининг янгиланган мураббийлари штаби ҳам расман таништирилди. Унга кўра, кубалик мутахассислар: Карлос Иван Фуентес Виллянуэва, Хуан Энрике Стейнерс Тиссерт, Хулио Ли Эчаварриа ва Хесус Алберто Моралес Монтеро Бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош тренери Тўлқин Қиличевга ёрдамчи тренер ва физиотерапевт этиб тайинланди.


Ойбек Шукуров.






