АсосийЖамият

Футбол ва мини-футбол бўйича ДХХ кубогининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди

“Миллионлар ўйини” номини олган спорт турини мамлакатимизда ривожлантириш ишларига муносиб...

'Футбол ва мини-футбол бўйича ДХХ кубогининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди'ning rasmi

“Миллионлар ўйини” номини олган спорт турини мамлакатимизда ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиш, жойларда янги иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни спортга фаол жалб этиш мақсадида жорий йилнинг апрель ойида ёшлар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича уч босқичли ДХХ кубоги мусобақаларига старт берилган эди.

Република бўйича қарийб 242 минг нафар ёшларни қамраб олган мусобақаларнинг финал босқичи ўйинлари 22-27 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.

Унда мини-футбол бўйича ғолиблик Андижон вилояти Балиқчи туманидаги “Кўл” жамоаси ёшларига насиб этган бўлса, Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани “Пахта” жамоаси иккинчи, Фарғона вилояти Фарғона тумани “Оқтепа” жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади. Навоий вилояти Хатирчи тумани “Жалойир” жамоаси ярим финалга қадар муваффақиятли ўйин намойиш этиб, кучли тўртликни якунлаб берди.

Футбол бўйича ўтказилган беллашувларда эса Тошкент вилояти Бўка тумани “Дўстлик” жамоаси биринчи, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “Боғистон” жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ва тўртинчи ўринлар Жиззах вилояти Жиззах шаҳар “Турон” жамоаси ҳамда Андижон вилояти Андижон тумани “Полосон” жамоаси ёшларига насиб этди.

Мусобақалар якунига кўра мини-футбол бўйича “Энг яхши ўйинчи” танловига Навоий вилояти Хатирчи туманининг “Жалойир” жамоаси аъзоси Шаҳбоз Қувондиқов, “Энг яхши тўпурар” танловига Хоразм вилояти Шовот туманининг “Оқкўл” жамоаси шарафини ҳимоя қилган Баҳромбек Худоёров, “Энг яхши дарвозабон” танловига Фарғона вилояти Фарғона туманининг “Оқтепа” жамоаси вакили Одилжон Мадалиев муносиб кўрилди.

Шунингдек, футбол бўйича “Энг яхши ўйинчи” танловига Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “Боғистон” жамоаси аъзоси Аҳрор Хўжабеков, “Энг яхши тўпурар” танловига Тошкент вилояти Бўка тумани “Дўстлик” жамоаси шарафини ҳимоя қилган Асадбек Аҳмаджонов, “Энг яхши дарвозабон” танловига Жиззах вилояти Жиззах шаҳар “Турон” жамоаси вакили Сирож Нормуродов муносиб кўрилди.

Эндиликда футбол ва мини-футбол бўйича биринчи ўринни эгаллаган жамоаларга улар истиқомат қиладиган маҳаллада мини-футбол майдончаcи, иккинчи ўрин соҳибларига универсал спорт майдони (баскетбол ва волейбол ўйинлари учун мўлжалланган), учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаган жамоалар маҳалласига эса “Стритбол” (бир саватли кўча баскетболи) спорт майдонлари қуриб берилади.

Республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган жамоаларнинг (1, 2, 3 ва 4-ўринлар) Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги кўмагида бир ҳафта мобайнида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши таъсисчилигидаги “Шафран” тоғ-курорт комплексида дам олишлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, ДХХ кубогининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган 28 та жамоа вакиллари истиқомат қиладиган маҳаллаларда “WORKOUT” майдончалари барпо этилади.

Таъкидлаш лозимки, ҳозирда ДХХ кубоги мусобақаларининг туман/шаҳар ва вилоят босқичларида аниқланган 792 нафар иқтидор соҳибларини маҳаллий профессионал жамоалар томонидан синовдан ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

    Бошқа янгиликлар