Жорий йилнинг октябр ойида Қўқонга Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардан таниқли фотографлар ташриф буюради. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, мақсад “Қўқон туркий сураткашлар обективида” рукни остида кўргазма ва ёш фотографлар учун маҳорат дарслари ташкил этишдир.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июлдаги “Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-338-сонли қарори ижросига кўра амалга оширилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш керакки, Қўқон “Туркий дунёнинг туризм пойтахти” мақомини олганлиги муносабати билан ташкил этилаётган мазкур тадбирда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон ва кузатувчи давлатлардан (Венгрия, Туркманистон) икки нафардан таниқли ижодкорлар қатнашади.
Маълумот учун, маҳаллий ва хорижлик фотографлар юртимизнинг диққатга сазовор жойларини суратга олишади ҳамда уларнинг энг сара ижод намуналари кўргазмадан жой олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандга ШҲТ саммити доирасида ШҲТга аъзо мамлакатлар фотографлари ташриф буюрган эди.






