Ислом Абдуғаниевич Каримов – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти. Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни оғир хасталикдан сўнг 78 ёшида вафот этди. Ушбу кунни нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун дунё чуқур қайғу билан эслайди. 2016 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти вафот этгани ҳақида расмий хабар эълон қилинди.
Президент вафотидан сўнг унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида 2017 йил 31 август куни Тошкент шаҳрида собиқ Оқсарой қароргоҳи олдида унинг биринчи ҳайкали тантанали очилган. Шунингдек, биринчи президент ҳайкаллари Самарқандда (2017 йил 2 сентябрь), Қаршида (2018 йил 30 январь) ҳамда Москвада (2018 йил 18 октябрь) очилган. Бундан ташқари, Тошкент давлат техника университети, Тошкент халқаро аэропортига, Фарғонадаги санъат саройи, Асакадаги автомобиль заводига ҳамда бир қатор кўчаларга Ислом Каримов номи берилган.
Бугун Биринчи Президентнинг вафот этганига 6 йил бўлди. "darakchi.uz" Биринчи Президентнинг яқинлари, ҳамкасблари ва у билан яқин мулоқотда бўлган инсонларнинг Ислом Каримов ҳақидаги хотираларини жамлади.
Татьяна Каримова, Ислом Каримовнинг рафиқаси:
— Ислом Абдуғаниевич қаттиққўл, айни чоғда ниҳоятда адолатли инсон эди. Унинг ҳаёт тарзини аскетик деб баҳоласа бўлади. У овқатланишда ҳам маълум меъёрга риоя этарди. У спорт билан ёшлигидан шуғулланар эди. Умрининг сўнгги кунларигача сузиш ва теннис билан шуғулланиб келди.
Биринчи Президентимиз деярли таътилсиз ишлар эди. Фақат баъзан-баъзан ўзимизнинг Қайнарсойда бир-икки кун дам олардик. Юртимиз табиатини у киши ниҳоятда яхши кўрар, табиатимиздан гўзалроқ маскан йўқ деб ҳисоблар эди. Шифокорларга мурожаат қилишни ҳуш кўрмас эди. У кишини бирор бир тиббий текширувдан ўтишга ундаш мен учун чинакам бир муаммо эди. Унинг бутун фикру хаёли ҳамиша ишда эди.
Совға қилишни жуда яхши кўрар эди. Агарда уйимизга келган меҳмон бирор бир сувенирни кўриб, “чиройли экан” деса, хурсанд бўлиб дарров ҳадя қилиб юбораверар эди. Ислом Абдуғаниевич гулдаста совға қилишни жуда хуш кўрар эди. Дала ҳовлимизда сайр қилар эканмиз, албатта, гул териб менга инъом этар эди. Бу хотиралар қалбимдан чуқур жой олган...
Хиллари Клинтон, АҚШ Президенти Билл Клинтоннинг рафиқаси (1997 йил ноябрь):
— 1997 йил ноябрь ойида Ўзбекистонга қилган ташрифим чоғида кўҳна Самарқанд шаҳрини зиёрат қилиш бахтига муяссар бўлдим. Самолётдан мени Президент Ислом Каримов кутиб олганидан ва ўзи туғилиб ўсган шаҳар билан шахсан таништирмоқчи эканидан хурсанд бўлдим.
Регистон майдонида миллий рақс ижро этган ёшлар билан Президент уларнинг ҳаёти, келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашганини кўриш мен учун жуда қизиқарли бўлди.
Самарқандликлар билан суҳбатда Президент Каримов бу кўҳна шаҳарда асрлар давомида турли дин вакиллари – мусулмонлар, христианлар, яҳудийлар ва бошқалар диний ва миллий урф-одатларини сақлаб якдилликда яшаб келганликларини гапирди.
Турли дин ва этник гуруҳларнинг тинч-тотув истиқомат қилиб келишининг кўп асрлик тажрибаси бутун дунёда ўрганилиши ва татбиқ этилиши керак деб ўйлайман.
Юрий Беленко, Ислом Каримовнинг синфдоши:
— Биз барча болалар сингари шўх эдик, гоҳида дарслардан қочиб, кўчаларда ўйнаб юрардик. Лекин Ислом бошқача, босиқ ва интизомли бола эди. Саккизинчи синфга ўтганимизда унинг улғайиб қолгани айниқса билинди. Биз Исломни "синфком" этиб тайинладик, у дарҳол синфимиз интизоми ва таълим кўрсаткичларидан жавобгарликни ўз зиммасига олди, синфимиз мактаб тадбирларида фаол иштирок этиши учун барча имкониятларни ишга солди. У синфимизда ҳатто тарбиявий соатлар ҳам ўтказарди, бизни яхши ўқишга, тўғри мақсад танлашга, синфимиз шаънини ҳимоя қилишга даъват этарди.
Исломнинг аниқ ва мантиқий сўзлашиши, озода кийинишига кўплар қойил қоларди. Уни ҳар доим диққат билан тинглашарди. Исломнинг жасурлиги ва унга ҳар доим суяниш мумкинлиги уни бошқалардан ажратиб турарди. Унга сирларни, бировга сотиб қўйишидан қўрқмай, бемалол айтса бўларди. Уйлайманки, Ислом Каримовнинг бу фазилатлари, биринчидан, оиласидаги тарбия, оиладаги бирдамликдан шаклланган, иккинчидан, унинг олижаноб феъл-атвори ва чин дўст бўла олишидандир (бу эса энг мушкули).
Владимир Путин, Россия Президенти:
— Ислом Абдуғаниевич обрўли давлат арбоби, ўз мамлакатининг ҳақиқий раҳбари эди. Замонавий ўзбек давлати тарихидаги энг муҳим босқичлар унинг номи билан боғлиқ. Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон тинчликсевар ташқи сиёсат олиб борди ва Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, минтақада кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берди. Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида ривожланиши учун кўп ишлар қилди. Менимча, ушбу ҳиссанинг кўлами фақат амалга ошмоқда. Ўзбекистоннинг янги тарихининг турли томонларини турлича баҳолаш мумкин. Энг муҳими, давлат раҳбари мамлакатда барқарорликни сақлаб қолди ва ривожланишда давом этди.
Анвар Қори Турсунов, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби (марҳум):
— 1992 йилда динимизнинг улуғ Китоби – Қуръони Каримнинг маънолари таржимасининг илк бор ўзбек тилида нашр этилишида раҳматли Юртбошимизнинг алоҳида хизмати бор. Муқаддас динимизнинг софлигини асраш, улуғ алломаларимизнинг мустабид тузумда унутилган, йўқ қилинган бой илмий-маънавий меросининг тикланиши, тадқиқ этилиши, уларнинг хоки пойи ётган жойларнинг зиёратгоҳларга айлантирилиши, масжид ва мадрасаларимизнинг обод бўлиб, илму ирфон таратиши шубҳасиз Ислом Каримов номи билан чамбарчас боғлиқдир. У кишининг ғоя ва амалий таклифлари асосида бунёд этилган Тошкент шаҳридаги муҳташам «Минор» жомеъ масжиди халқимизга улуғ туҳфалардан бири бўлди. Бу муаззам иморат ҳадиси шарифда айтилгандек, инсон вафотидан кейин ҳам савоби тўхтовсиз етиб боргувчи садақаи жория саналади. Ёдимда, у киши масжиднинг илк қурилиш давридан алоҳида аҳамият қаратиб, жараённи доимо кузатиб, назорат қилиб борар, усталарга зарур тавсия ва кўрсатмалар берар эдилар.
Дональд С.Карлайл, америкалик профессор, тарихий ва сиёсий фанлар доктори:
— Мен Черчиллни ҳурмат қиламан, лекин Каримовни машҳур ғарб сиёсатчилари билан солиштирганда, мен уни кўпроқ Рузвельга ўхшатган бўлар эдим.
Эдуард Шеварднадзе, Грузия Президенти:
— Унинг оқил ва донолиги шундан маълум эдики, у Совет Иттифоқининг парчаланиб кетиш жараёнини олдиндан билган. Ва барча содир бўлажак воқеалар ривожининг тахминий вариантларини кўз олдига келтириб, бунга ҳозирлик кўрди, тайёргарлик кўрди. Ва Ўзбекистон бунинг натижасида мустақилликни қўлга киритди. У аллақачон Президент бўлишга тайёр эди.
Ҳайдар Алиев, Озарбайжон Республикаси Биринчи Президенти:
— Ислом Каримов ҳали Совет иттифоқи даврида адолатсизликка қарши чиқаолиб, ўз жасоратини намоён этган инсон. Бу жасорат олдида ҳамма ортга чекинди.
Фарход Қурбонбоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, фоторассом:
— Мен омадлиман. Ўттиз йил давомида буюк инсоннинг ёнида бўлдим. Ростини айтсам, мен шундай ҳаёт ва ижод мактабидан ўтдимки, ҳеч бир университетда бундай имконият йўқ. Ижодимда эришган барча ютуқларим учун тақдиримдан миннатдорман. Буларнинг барчасини Мустақил юртимизнинг Биринчи Президенти мактабида эришдим ва ўргандим.
Севара Турсунова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, журналист:
— 16 йилдан ортиқ давлат раҳбарининг ёнида Президент пуллида ишладим. Одамлар менга сиз Президентга яқинсиз, сиз уни жуда яхши биласиз, дейишади. Йўқ, улар адашишади. У инсон ҳаммага бирдек қарарди, бирдек ҳурмат қиларди. Айниқса, журналистларга ҳурмати жуда баланд бўлган. Биласизми, мен каби журналистлар пуллда жуда кўп эди. Лекин давлат раҳбарига қўрқмай фикримни билдиришим уларга кўпроқ маъқул келарди, менимча. Сир эмас, бизга бирор тадбирдан аввал берилиши мумкин бўлган саволлар тайёрланарди. Бироқ мен ҳеч қачон тайёрланган саволни берган эмасман. Эсласам, қўрқмаган эканман. Саволимни эшитиб шунақа руҳланиб кетарди марҳум президентимиз. Ҳатто бошқа тадбирларда муҳокамали вазиятлар бўлиб қолса, “Қани, Севара нима дейди?” деб менга юзланарди. Балки шу сабаб одамлар кўзига давлат раҳбарига жуда яқиндек кўриниб қолган бўлсам керак. Жуда самимий, танти инсон эдилар.
Нурсултон Назарбоев, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти:
— Айтиш ноқулай, у энди бу ёруғ дунёда йўқ, менинг эски дўстим Ислом Каримов, мана, унинг ҳар доим ўз қараши бўлган. У билан келишиш жуда қийин бўлган. Ҳамма нарсага нисбатан ўз фикрини айтган. Лекин шундай ҳолатлар ҳам бўлганки, бир сафар менга қўнғироқ қилиб, деди: „Олдингга бормоқчиман“. Мен: „Эшит, кун тартибини тайёрлаш керак, нима ҳақда гаплашамиз, тайёргарлик кўриш керак“, — дедим. „Ҳеч қандай кун тартиби йўқ, шунчаки, сен билан кўришишим керак, бўлди“, — деди. У билан учрашдим. Умуман, қалби жуда юмшоқ ва яхши инсон эди, бироқ шундай феълли. У келди, кечқурун ўтирдик, кундузи суҳбатлашдик, масалаларни муҳокама қилдик. Ўшанда жуда қизиқарли ҳолатлар бўлганди.
Жозеф Пресел, 1997—2000 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси:
— 1997 йил октябрь ойида Тошкентга келганман. Гарчи бунгача Ислом Каримов билан икки ё уч марта кўришган бўлсам-да, уни деярли билмасдим. Мен у билан ўртача икки ой ё шу атрофда бир марта учрашишим керак эди. Ўзи учун қулайроқ бўла бошлагач, у мени Комиловсиз қабул қилишга ўтди ва кейинчалик ҳатто бурчакда турган тансоқчисини ҳам чиқариб юборадиган бўлди. Мен эса тил билганим учун одатда унинг ҳузурига бир ўзим борардим. Ўртамизда яқин шахсий алоқалар ҳеч қачон бўлмаган. Ўзбек протоколи бунга йўл қўймасди ва унинг ўзи ҳам оддий одам эмасди. Мулоқот бўйича сўровларим доим конкрет иш юзасидан бўларди. Ҳеч қачон яқиндан 100 грамм ароқни қиттай-қиттай қилиб, масалан, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги янада кенгроқ муносабатларни ва уларни яхшилаш усулларини муҳокама қилмаганмиз. Унинг қароргоҳига отамлашиш учун шунчаки кира олмаслигимни билганимдан сўнг, унга етиб боришнинг бошқа усулларини ҳам синаб кўришга киришдим. Элчихона олдига Каримовнинг жўралари билан алоқа ўрнатиш вазифасини қўйдим. У ким билан ичади, ким билан овга чиқади, ким билан қарта ёки теннис ўйнайди? Маъшуқаси ким? Синфдошлари-чи? Ва ҳоказо. Барча уринишларим зое кетди. Чунки у асосан ишларди. Бошқа томондан орадан вақт ўтиб президентнинг олдига кириш нафақат мен, балки ўзбек амалдорларининг ўзлари учун ҳам муаммо эканлиги маълум бўлди. Каримов илиқ ва ёқимли шахс бўлмаса ҳам, унда баъзан юмор ҳисси намоён бўлиб турар эди.
Жаҳонгир Абиров, Ислом Каримовнинг биринчи хос соқчилари бошлиғи:
— 1990 йили май ойи ўрталари эди. Рустам Иноятов менга қўнғироқ қилди ва энди Сурхондарёга ишга кетасан, деди. Боришдан олдин Президент билан кўришишим керак эди. Икки кундан кейин раҳбаримиз телефон қилди. Георгий Крайнов мени Ислом Абдуғаниевичнинг олдига олиб кирди. У эса ўз жамоамизни шакллантиришимизни айтишди. Мен "Сурхондарёга ким билан борарканман”, деб ўйлаб турсам, аслида Президент қўриқлаш хизматини бошқариш топширилган экан. Умуман кутилмаганда содир бўлган бу тайинлов. Уни қачондан бери билсам, у ҳеч қачон таътилга чиқмаган. Ишга эрта келиб, кеч соат 10 да уйга қайтарди. Халқ билан кўришганда кўпроқ ҳимояламоқчи бўлардик, шунда у ҳаддан зиёд тартиб сақлаяпсан, дерди. Мен "Ислом Абдуғаниевич, сизни халқ яхши кўради, худо кўрсатмасин, бирор гап бўлса, менинг ишим чатоқ бўлади. Ҳарбий прокурор олиб бориб қамайди. Мен ўз вазифамни бажаряпман. Топшириқ – топшириқ, мен сизга содиқман. Бошингиздан бир тола сочингиз тўкилишини ҳам хоҳламайман", дердим.
Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистон Халқ артисти:
— Оллоҳимнинг бу юртга назари тушмаганиа бундан 30 йил илгари бизга Ислом Каримовни бермасди. Мана шу ҳам Оллоҳимнинг шу юртга назари тушганидан далолат бериб турибди. 1989 йил 5 ноябрдаги Ҳамза давлат мукофотини тақдирлаш маросими эди. Мукофотни Ислом Каримовнинг шахсан ўзлари топшириб туриб айтдиларки, — Ёдгорбек бу биринчиси экан а? — дедилар. — Ҳа, Ислом Абдуғаниевич, биринчиси десам, секин кулиб, қулоғимга менам биринчи марта топширяпман, -дедилар. Бу инсон оддий, содда ҳамда жуда ҳам иймонли инсон эди. Ҳар бир гаплари, ҳар бир чиқишларида иймонни эслатиб ўтарди. Сабаби бу юртда иймонли инсонлар яшашлигини ҳар сафар таъкидлаб ўтардилар. Мен деярли барча мукофотларимни Ислом Каримовнинг шахсан ўз қўлларидан олганман, бу мен учун жудаям фахрли.
Абдужалол Тайпатов, журналист:
— Ислом Абдуғаниевич журналистларга нисбатан эътиборли эди. Кейинроқ у киши республикага биринчи раҳбар бўлиб кетгач, ЎзАнинг вилоятдаги мухбири сифатида кўп бор Қашқадарёга қилган сафарларида ҳамроҳ бўлганман, ўтказган йиғилишларида иштирок этганман. Тошкентга қайтар экан, аэропортда, албатта, журналистлар билан бирма-бир қўл бериб кўришар ва сафар ҳақидаги фикрини, саволлари бўлса, беришини сўрарди. Журналистлар билан кўпроқ гаплашишга интиларди.
У кишининг Қашқадарёга меҳри бўлакча эди. Бу воҳани иккинчи она юртим, деб атарди. Ва бир гапни кўп бора такрор-такрор айтганини эшитганман: "Менинг Тошкентда кабинетларда ўтган 27 йиллик умрим Қашқадарёда ишлаган 3 йиллик иш фаолиятим билан тенг тош босади" дерди.
Абдуҳошим Исмоилов, Ўзбекистон халқ артисти:
— Нукусда Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Toжикистон раҳбаpлари Орол муаммоси бўйича йиғилиш ўтказди. Тушлик вақтида куй чалишимиз керак эди. Бир гуруҳ созандалар давлат раҳбарлари олдига кирдик. Ислом Абдуғаниевич "Қайси куйни чаласизлaр?" деб сўрадилар мендан. «Ўзбек, тoжик, қирғиз ва қозоқ куйларини попурри килганмиз», деб жавоб бердим. "Ҳар доим ўзбек куйидан бошланг, хўпми?" деб нимтабаcсум қилдилар. Ўша гўзал табаcсумлaри ҳали-ҳали эсимда. Куй чалиб бўлганимиздан кeйин Қирғизистон Президентига мени кўрсатиб "Бу йигитни танийcизми, иcми нима?" деб сўрадилар. У киши "Танийман-у, иcми эсимда йўқ", деди. Шунда Ислом Абдуғаниевич "Сиз Акаевсиз, бу – Укаев", деб ҳаммани кулдирдилар. Биринчи Президентимиз ана шундай ҳозиржавоб, зукко ва кези келганда ҳазилга уста инсон эди.