Ўзбекистон ҳудудида бронза даврига мансуб, тахминан 4 минг йил аввал яшаган боланинг бош суягида трепанация — яъни калла суягини тешиш амалиёти излари аниқланди. Бу ҳақда Туркиянинг “Arkeofili” журналида чоп этилган мақолада маълум қилинган.
Қайд этилишича, тахминан 5 ёшида вафот этган боланинг скелети сўнгги ойларда олиб борилган археологик қазиш ишлари давомида топилган. Шу қабрдан 3 ёш атрофида вафот этган яна бир боланинг қолдиқлари ҳам аниқланган.
Мутахассислар 5 ёшли боланинг бош суягида тош ёки суякдан ясалган асбоблар ёрдамида амалга оширилган трепанация излари яққол кўринишини таъкидламоқда. Илмий тахминларга кўра, бундай амалиёт қадимда эпилепсия, мигрень ёки руҳий касалликларни даволаш мақсадида қўлланилган бўлиши мумкин.
Кашфиёт Ўзбекистон жанубида, Афғонистон чегарасига яқин ҳудудда, Италия ва Ўзбекистон археологлари ҳамкорлигидаги экспедиция давомида амалга оширилган.
Қазиш ишлари бронза даврига оид Жарқўтон манзилгоҳи ҳудудида олиб борилган бўлиб, олимлар уни милоддан аввалги III минг йиллик охирларига мансуб деб ҳисоблайди. Жарқўтон ўша даврда Окс цивилизацияси (Бақтрия–Марғиёна археологик мажмуаси)нинг муҳим шаҳар марказларидан бири бўлган.
Тадқиқотчилар мазкур цивилизация йирик дарё ва воҳалар бўйлаб ривожланганини, кучли қишлоқ хўжалиги ҳамда бой моддий маданиятга эга бўлганини қайд этган. Унинг инқирози эса эҳтимолий иқлим ўзгаришлари ва дарёлар оқимининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган.
Италиялик археолог Энрико Аскалоне бу топилмани шундай изоҳлаган: “Жарқўтон бизни ҳануз ҳайратга солмоқда. 4 минг йил аввал Марказий Осиёда болага бундай мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилгани жуда ғаройиб ҳолат”.
Олимлар таъкидлашича, ушбу кашфиёт қатор саволларни ҳам келтириб чиқаради: операцияни ким амалга оширган, қандай тиббий билимлар қўлланилган ва нега айнан ушбу бола танланган — бу масалалар кейинги тадқиқотларда ўрганилади.






