Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида жойлашган Жанубий Сурхон сув омборида қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳодиса 1 июнь куни соат 17:30 атрофида содир бўлган. “112” тизими орқали келиб тушган хабарга кўра, сув омборидаги қайиқ ағдарилиб, унинг ичидаги фуқаролар сувга тушиб кетган.
Воқеа жойига етиб борган қутқарувчилар қайиқда бўлган беш нафар фуқародан тўрт нафари қирғоққа сузиб чиққанини аниқлаган. Бир фуқаро эса сувдан чиқолмай, чўкиб кетган.
Ҳозирда қутқарувчилар томонидан сув ҳавзасида кенг кўламли қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ҳодиса сабабларини аниқлаш мақсадида воқеа жойида Қумқўрғон тумани прокуратураси, Ички ишлар бўлими ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 31 май куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида юк ташиш учун мўлжалланган электромопед ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида транспорт воситаси унда бўлган саккиз нафар фуқаро билан бирга Нарпай каналига тушиб кетган эди.
Ўшанда тўрт нафар фуқаро аҳоли томонидан қутқарилган, қолган тўрт нафар боланинг жасади эса қидирув ишлари давомида сувдан олиб чиқилган.






