Қонун нормалари мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб, тўғри қўллай олиш уларнинг таъсирчанлигини оширишда муҳим омили ҳисобланади. Бу эса қонун ҳужжатлари имкон қадар содда ва равон ёзилишини, қўллаш механизми ҳам оддий ва қулай бўлишини тақозо қилади.
Шу нуқтаи назардан, биринчи навбатда, тарафларнинг суд қарорларига нисбатан эътирози – шикоят қилиш ҳуқуқини амалга ошириш тизимини мақбуллаштириш, фуқаролик процессуал қонунчилигида апелляция институтида айрим ўзгартиришларни амалга ошириш эҳтиёжи бор. Зеро, суд қарорларига нисбатан шикоят тарафларнинг энг аҳамиятли ҳуқуқлардан биридир.
Фуқаролик процессуал кодексининг 248-моддасига кўра, раислик қилувчи суд ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттириш вақтида унинг устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини тушунтиради. Яъни: “Ҳал қилув қарори устидан қарор чиқарилган кундан эътиборан бир ой ичида ушбу суд орқали Тошкент шаҳар (тегишли вилоят) судига апелляция шикояти берилиши ёхуд протест келтирилиши мумкин”.
Матндаги “ушбу суд” сўзлари “ҳал қилув қарорини қабул қилган суд” маъносини ифодалашини амалиётчи ҳуқуқшунос бўлмаган ишдаги тарафлар доим ҳам тўғри англамаслиги тажрибаларда кўп кузатилади. Тўғри, ФПКга кўра (384-модда, 1-банди) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатлари қуйи судлар қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриб чиқади. Бироқ мазкур кодекс 385-моддасининг 1-қисмига кўра, апелляция шикояти (протести) тўғридан-тўғри апелляция инстанцияси суди номига йўлланса-да, лекин у ҳал қилув қарорини (ажрим, қарор) чиқарган суд орқали берилади.
Айни ҳолатда қонуннинг тартибга солиш механизмининг тизимлилиги бузилгандек кўринади, оддий мантиққа ҳам зиддек тасаввур уйғотади. Зеро, юқорида қайд этилганидек, қонунлар оддий, ҳаётий ва тушуниш осон бўлиши учун мантиқий тизимли ҳам бўлиши керак. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»гиҚонунининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек уларга илова қилинадиган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти”га кўра, қонун лойиҳасининг матнига нисбатан жумлаларнинг соддалиги ва қисқалиги; таърифнинг аниқлиги; баён этишнинг тизимлилиги ва кетма-кетлиги бўйича талаблар ўрнатилган.
Бундан ташқари фуқаролик процессуал қонунчилигида амалдаги тартибга кўра, суд ҳужжатлари устидан шикоятнинг юқори инстанция суди номига йўлланиши, бироқ у (шикоят) суд ҳужжатини қабул қилган суд орқали амалга оширилиши юқоридаги услубиёт талабларига ҳам мос эмас. Энг асосийси, фуқароларда тушунмовчиликлар ва қонунни тўғри қўллашда қийинчиликларни юзага келтиради, шу билан бирга, ўз эътирозини айнан норози бўлган суднинг ўзига топшириши фуқарода (тарафларда) судга нисбатан шубҳа ҳиссини юзага келтириши мумкинлиги ҳам истисно этилмайди.
Суд ҳужжатларига нисбатан берилган апелляция шикоятини кўриш ваколати апелляция инстанциясига тегишли бўлиб, берилган шикоятнинг кўрилиш-кўрилмаслиги масаласи ҳам айнан ушбу инстанция томонидан ҳал қилиниши зарур. Апелляция инстанцияси томонидан кўриладиган шикоятнинг тўғри ёки нотўғри берилганлиги масаласини қуйи инстанция суди ҳал қилиши ҳам қонуннинг тартибга солиш тизимида номувофиқликларни юзага келтиради. Зеро, биринчи инстанция судининг қарори қанчалик қонуний, асосли ва адолатли бўлмасин, ишдаги тараф бу қарор билан келишмаяпти, демак, унинг эътирози қарор қабул қилган суднинг иродасига боғлиқ бўлиши холислик ва беғаразлик тизимини таъминлашда мувозанат бузилишига ҳам олиб келади. Ўзи кўриб чиқадиган шикоятнинг тўғри расмийлаштирилган-расмийлаштирилмаганлигини айнан шикоятни кўрадиган суд сифатида апелляция инстанцияси ҳал қилиши, бу масала унинг ваколатига тааллуқли бўлиши лозим.
Илгари сураётган таклифлар ўз-ўздан муайян камчиликларга кўра (муддат ўтганлиги, суд харажатлари нотўғри тўланганлиги ва ҳоказо) шикоят қайтаришга оид тартибларни ҳам апелляция суди ваколатига беришни тақазо қилади. Бу, биринчи навбатда, фуқароларда суд ҳужжати қабул қилган биринчи инстанция судига нисбатан турли шубҳаларга барҳам беради.
Апелляция шикоятлари тўғридан-тўғри шу инстанцияга берилиши шикоятларнинг ушбу босқичга етиб бориши жараёнида бир бўғин ёки босқич четлаб ўтилган бўлади ҳамда эътирозларга оид барча масалалар (уни қабул қилишдан тортиб, судлов ҳайъатида кўриш учун расмийлаштиришга қадар) тушунарли ва ихчам тартиб шаклланиш имкониятини ҳам пайдо қилади. Энг муҳими, процессуал қонунлар мазмуни ва ишлаш механизмининг унификациялашуви юз беради. Зеро, Фуқаролик процессуал кодекси 405-моддасининг 1-қисмига кўра, кассация шикояти (протести) апеллация шикоятлари тақдим этишдан фарқли равишда бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.
Суд ҳужжатларини қайта кўрувчи иккита инстанцияга шикоятларни бериш тартибининг турлича эканлиги фуқароларда англашилмовчиликларни юзага келтираётганини юқорида қайд этиб ўтдик. Чунки, тартибга солинаётган механизм битта – суд ҳужжатини қайта кўриш, лекин юқори инстанция турига қараб шикоят бериш тартибининг ўзгариб бориши ҳеч қандай қулайликлар келтирмаётганини амалиёт кўрсатиб турибди.
Шунингдек, процессуал қонунлар унификациялашувининг яна бир варианти бу – Фуқаролик процессуал кодексида шикоятларни бериш ва расмийлаштириш юзасидан мавжуд тартибни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексдаги тартиблар билан бирхиллаштиришдир.
Чунончи, Иқтисодий процессуал кодекси 261-моддаси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 202-моддаси талабларига кўра, апелляцияшикояти (протести) апелляция инстанцияси суди номига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади. Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.
Фуқаролик процессуал қонунчилигида ҳам бундай тартибнинг ўрнатилиши юқорида қайд этилган муайян камчиликлар билан тақдим этилган (муддат ўтганлиги, суд харажатлари нотўғри тўланганлиги) апелляция шикоятини иш юритувга қабул қилиш ҳамда шикоятнинг тақдирига оид барча масалалар (уни қабул қилишдан тортиб, судлов ҳайъатида кўриш учун расмийлаштиришга қадар) апелляция инстанцияси суди томонидан ҳал қилиниши имкониятини беради.
Аслида ФПК, ИПК ва МСИЮТКда суд ҳужжатларига шикоят бериш муддатлари, шикоятни кўриб чиқиш тартибининг бир хил қилиб белгилангани ҳолда фақат ФПКда шикоятни расмийлаштириш тартибининг бошқача тартиби белгиланиши мантиққа тўғри келмайди.
Таклиф этилаётган тартиб шикоятларнинг нисбатан тез кўрилишини самарадорлигини ҳам оширади, назаримизда. Яъни, процессуал қонунчиликда мавжуд бўшлиқлар ишдаги тарафлар томонидан суиистеъмол қилинишининг олдини олади, шикоятларни судда кўриш учун тайёрлаш ва тайинлаш билан боғлиқ жараёндаги ноқулайликлар бартараф этилади.
Мавжуд амалиётга кўра, апелляция шикояти (протести) биринчи инстанция суди томонидан ФПК 385-387-моддалари талаблари бажарилмаган ҳолда апелляция инстанцияси судига юборилган ҳолда, иш тегишли тарзда расмийлаштириш учун биринчи инстанция судига юборилади (Олий суд Пленуми 2021 йил 20 апрелдаги “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги 14-сонли қарори 9-бандининг 4-хатбошиси). Яъни, апелляция шикоятининг процессуал қонунчилик талабларига риоя қилинган ҳолда берилганлиги масаласини ҳал қилиш ваколати биринчи инстанция судига берилгани ҳолда, қонунчиликда биринчи инстанция суди ҳам ушбу масалани “тўғри берилган” деб ҳал қилишда камчиликларга йўл қўйиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Шикоятнинг тўғри берилган-берилмаганлигига охирги баҳони апелляция инстанцияси берар экан, ушбу ваколат бошидан мазкур инстанцияга тааллуқли бўлиши лозим.
Шунингдек, юқоридаги Пленум қарори 9-бандининг 5-хатбошисига кўра, апелляция инстанцияси суди томонидан иш апелляция тартибида кўрилаётганда бошқа шахсдан шикоят (протест) келиб тушган ҳолда ҳам иш ФПК 389-моддаси талабларини бажариш учун биринчи инстанция судига юборилади.
Бундай тартиб эса ишларни апелляция инстанциясида кўриш муддатларига жиддий таъсир қилади, зеро, амалиётда “биринчи инстанция судига юбориш” камида бир ой муддатни олади. Ваҳоланки, апелляция инстанциясининг бошқа шахсдан келиб тушган шикоят (протест)ни қабул қилиш масаласини ҳал қилиши ҳам муддатлар чўзилишининг ва процессуал тартиб юзага келтирган сансалорликнинг олдини олади ҳам жараённи тартибга солиш механизмидаги тизимлиликни таъминлайди.
Сўнгги вақтларда суд амалиётида ишдаги тарафлар томонидан бундай процессуал тартибни суиистеъмол қилиш ҳолатлари ҳам учраётгани бор гап. Айниқса,ишда бир нечта тарафлар иштирок этаётган ҳолатларда уларнинг ҳар бири томонидан навбат билан шикоят берилиши натижасида иш такрор ва такрор бир неча марта биринчи инстанция судига қайта расмийлаштириш учун юборилмоқда. Оқибатда ишдаги бошқа тарафларнинг асосли эътирозлари келиб чиқмоқда, апелляция инстанцияси эса шикоятни кўрувчи (ҳамда агарда камчиликлар билан расмийлаштирилган бўлса, ушбу камчиликларни кўрсатиб, қайта расмийлаштириш учун юбориш ваколатига эга) суд сифатида шикоятни бевосита қабул қила олмаслиги натижасида мантиқсиз ҳолат юзага келиб, мавжуд тартибнинг ўзи сансалорликка, ҳуқуқ суиистеъмолига йўл очиб бермоқда.
Амалдаги процессуал қонун талабларига кўра, ишда иштирок этувчи шахсларни апелляция инстанцияси судида ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиш биринчи инстанция суди томонидан амалга оширилади ҳамда суд мажлисининг вақти ҳам ушбу суд томонидан белгиланади.
Сўнгги йилларда апелляция шикоятлари кўпайиб бораётгани сир эмас. Шикоятларнинг кўрилиш вақти биринчи инстанция судлари томонидан белгиланиши туфайли амалиётда бир вақтда бир нечта ишларнинг тайинланиши, натижада фуқароларнинг суд мажлисини узоқ вақт кутиб қолиши ҳолатлари ҳам юз бермоқда. Таклиф этилаётган ўзгартиришга кўра, шикоятлар апелляция инстанциясига тўғридан тўғри берилса, суд мажлислари вақти ҳам шу инстанция томонидан мавжуд жадвални инобатга олган ҳолда тайинланади. Бу эса турли сансалорлик ва эътирозларнинг олди олиниш имкониятини беради.
Ўртага ташланаётган таклифлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш жараёнининг узвий қисми бўлган суд ҳужжатларини қайта текшириш институтини янада такомиллаштириш орқали апелляция инстанцияси институти фаолиятининг самарадорлиги ошишини таъминлайди деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, бугунги кунда шундай ҳам иш юкламаси катта бўлган биринчи инстанция судлари ишини бирмунча осонлаштиришга хизмат қилади.
Шуҳрат АББАСОВ,
Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари —
фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси