Мустақил Комиссия аъзолари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 11-сонли Тергов ҳибсхонасига ташриф буюриб, у ерда сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда адвокатлар ва яқин қариндошлари билан қисқа муддатли учрашув хоналардаги шароитлар ўрганишди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган ҳолатлар ва воқеаларда жиноят содир этганлиги учун ҳибсга олинган Даулетмурат Тажимуратов билан ҳам учрашилган. Учрашув давомида Д.Тажимуратов адвокат билан таъминланганини ва адвокатининг у билан учрашишида ҳеч қандай қаршиликлар йўқлигини, оила аъзолари билан ҳам қисқа муддатли учрашув ўтказилганлигини ҳамда посилка ва йўқловлар олаётганини маълум қилган.
Д.Тажимуратовнинг сўзларига кўра, унга нисбатан тергов ҳаракатлари давомида ва тергов ҳибсхонасида ҳеч қандай қийноқ, босим ёки тазйиқлар бўлмаган. Овқатларнинг сифати ва ҳибсхонадаги бошқа шароитларга ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирган.
Комиссия аъзолари ташриф давомида гумон қилинувчиларнинг Тергов ҳибсхонасида сақланаётган пайтида ва тергов жараёнларида ҳеч қандай ҳуқуқлари бузилмагани ҳамда руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатларига йўл қўйилмаганига гувоҳ бўлишган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 июль куни "Ел хызметинде” газетаси муҳаррири ва блогер Даулетмурат Тажимуратов "Теlеgram” ижтимоий тармоғининг "Маkаn.uz” канали орқали қилган видеомурожаатида фуқароларни жорий йилнинг 5 июль куни соат 17-00 да "Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб” Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилган.
Шундан кейин ижтимоий тармоқлар орқали қонунга хилоф равишда митинг уюштиришга фуқароларни даъват қилганлиги учун 2022 йил 1 июль куни соат 15-30 ларда Д.Тажимуратов Нукус шаҳар ИИО ФМБга олиб келинган ва ушланган.
Блогер Д.Тажимуратовнинг ИИБ ходимлари томонидан ушлаганлигини билган бир гуруҳ шахслар тартибсизликлар уюштириб, уни озод қилишни талаб қилиб Нукус шаҳридаги ИИВга қарашли 2-сонли тергов ҳибсхонасига ва Нукус шаҳар ИИО ФМБга боришган ва кейинчалик 2022 йил 1 июль куни соат 17-30 ларда Нукус шаҳри марказидаги "Марказий деҳқон бозори” МЧЖ олдидаги автомобиль йўлида тартибсизликлар уюштиришган.
Шундан кейин Д.Тажимуратов Нукус шаҳар ИИО ва ФМБдан озод қилиниб, чиқариб юборилган бўлса-да, Д.Тажимуратов ва унинг тарафдорлари тартибсизликларни яна давом эттириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва ҳокимиятни босиб олишга очиқдан -очиқ даъват қилишган.






