Аввал хабар қилганимиздек, 2022 йил 21 июль куни Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, унинг оқибатида 23-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг 4 ёшли тарбияланувчиси сувда чўкиб кетиб, вафот этди.
Ҳодиса юзасидан Бош прокуратура маълумот берди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ҳамда 167-моддаси 2-қисми “г” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
ДМТТнинг молиявий фаолияти ўрганилганда, тарбияланувчилар учун сарфланиши лозим бўлган 24,3 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари талон-торож қилинганлиги ҳам аниқланган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.