Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов маълум қилди.
2022 йилнинг 8 ойлик якунларини таҳлил қиладиган бўлсак, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 12 трлн. сўмни, экспорт ҳажми – 514,0 млн.доллардан ошган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп дегани. Ҳудудларда 23 та лойиҳа ишга туширилди. Бундан ташқари, маҳсулотларнинг экспорт географияси ҳам кенгайтирилди. “GSP+” имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Европанинг Буюк Британия, Руминия, Славения, Чехия, Австрия ва Венгрия давлатларига, шу билан бирга Ироқ, Ливан, Монголия ҳамда Маврикий ва Фиджи оролларига тарихда биринчи марта электротехника маҳсулотлари экспорт қилинди.
Жорий йилда Россиянинг “Эльдарадо”, “М-Видео”, “ДНС Атлас”, Франциянинг “Ашан” ҳамда Қозоғистоннинг “Сулпак” ва “Технодом” йирик савдо тармоқлари ташкил этилди ва маҳаллий маҳсулотларни экспортга олиб чиқиш бўйича келишувларга эришилди. Аввал экспорт фаолияти билан шуғулланмаган Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги 11 та корхона илк маротаба ўз маҳсулотларини экспортга олиб чиқишига эришди.
Айни пайтда 3 та йирик кластерни амалга ошириш бўйича ишлар бошланган. Жумладан, мис саноати, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳамда инновацион фаолият йўналишида кластер ташкил этилади.
Шунингдек, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳузурида “Лойиҳалаштириш ва инжиниринг хизматини ташкил этиш маркази” ҳам ўз ишини давом этттирмоқда. Давлатимиз томонидан соҳа корхоналарини қўллаб-қувватланиши ва уларга қонунчиликдаги ҳуқуқий кафолатларнинг берилиши тармоқни иқтисодий жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин. Бу ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун, ҳам хорижий инвесторлар учун ҳам ўзаро манфаатли ҳисобланади.
Келгуси уч йилда тармоқ учун жами 18 минг нафар шундан, 4 минг нафар олий ва 14 минг нафар ўрта маълумотли мутахассис кадрларга эҳтиёж юзага келади. Давлат дастурида соҳага малакали мутахассис-кадрларни етказиб беришнинг янгича тизимини йўлга қўйиш устида ҳам бир қатор вазифалар белгиланган. Шундан келиб чиқиб, бугун «Дуал таълим» дастурини амалиётга татбиқ этиш устида ишланмоқда. Умумтаълим мактабларида электротехника соҳаси бўйича махсус ўқув машғулотлари ва тўгараклар ташкил этилмоқда.
Электротехника саноати корхоналари ҳамда Тошкент шаҳридаги Чилонзор туман 1-сон касб-ҳунар мактаби, Тошкент вилоятидаги Тошкент тумани хизмат кўрсатиш ва сервис техникумининг Чирчиқ филиали, Самарқанд вилоятидаги Ургут туман 3-сон касб-ҳунар мактаби ва Фарғона вилоятидаги Фарғона хизмат кўрсатиш ва сервис техникуми ўртасида кадрлар тайёрлаш, уларнинг амалиётини ўтказиш ва иш билан таъминлаш бўйича ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.
4 та йирик ишлаб чиқарувчилар қошида “R&D” марказларини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 20 млрд сўмни ташкил этади, шундан биринчи тенг қисми (10 млрд сўм) корхона ҳисобидан, иккинчи тенг қисми (10 млрд сўм) Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
Бу каби соҳадаги истиқболли изланишларни муттасил давом эттириш, сифатли, энергия тежамкор, атроф-муҳит учун хавфсиз ҳисобланган технологиялардан фойдаланиш олдимиздаги энг катта вазифа экан, бу мақсадларга эришиш учун биз мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишимиз лозим.
07.09.2022 13:28
Ўтган 8 ойда 514 млн доллардан ошиқ электротехника саноати маҳсулотлари экспорт қилинди






