АОКАда ташкил этилган Олий ва ўрта махсус таълим вазири иштирокидаги матбуот анжуманида вазир Тошқулов пойтахтда талабаларнинг ётоқхона, транспорт ва бошқа муаммоларга дуч келаётганига тўхталар экан, бу борада абитуриентлар фақат пойтахт олийгоҳларига эмас, ўз ҳудудларида ҳам ўқишга топшириши мумкинлиги, шунингдек, талаба бўлмоқчи бўлганларга айни пайтда кўпроқ имконият берилаётганининг натижаси келажакда бўлиши ҳақида гапирди. Шу ўринда вазир талабаларга мотивация бериш учун ўзининг ёшлигидаги ҳолатни гапириб берди.
"Бир синфдошим бўларди, мендан ҳам яхшироқ ўқирди. Мен математикадан масалани 5 минутда ечсам, у 2-3 минутда бажариб бўларди. Мактабни тамомлаганимиздан кейин Тошкентга ўқишга топширди, лекин кира олмади. Бир неча йил топширган, ҳар гал юқори балл оларди, аммо ўтиш баллига етмай қоларди. Мен ундан пастроқ балл билан ўзимизни вилоятдаги институтга ўқишга кирдим. Яқинда ўша синфдошимдан сўрасам, мактабда қоровул бўлиб ишлаяпти экан, кўзимга ёш келди. Ўшанда тўғри қарор қабул қилиб, ўз вилоятидаги олийгоҳга топширганда эди, ўша балли билан ўқишга кирган, ҳозир ўзи танлаган соҳада ишлаб юрган бўларди. Ўша пайтдаги таълим сиёсати, шундай кадрни қўлдан бой берди", - дея Тошқуловнинг сўзларини келтирмоқда "darakchi.uz" журналисти.






