1

Араб давлатларига мулоқот бўйича ҳамкор мақоми берилиши Яқин Шарқ давлатларининг Шанхай гуруҳига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради

СИЁСАТ 13.09.2022, 12:24
Араб давлатларига мулоқот бўйича ҳамкор мақоми берилиши Яқин Шарқ давлатларининг Шанхай гуруҳига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради

Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг 22-саммити бўлиб ўтади ва бу Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасидаги йилнинг энг йирик дипломатик воқеаси бўлади. Унда ШҲТнинг барча 8 та тўлақонли аъзоси, 3 та кузатувчи давлатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари, бир қатор давлатлар ва 10 та халқаро ташкилотнинг таклиф этилган раҳбарларининг жонли иштирок этиши режалаштирилган.

Саммитни ўтказиш билан боғлиқ умидлар, биринчи навбатда, ташкилотнинг ўсиб бораётган нуфузи, сиёсий салмоғи, иқтисодий салоҳияти ва халқаро жозибадорлиги билан боғлиқ.

Бугунги кунда ШҲТ – дунё аҳолисининг қарийб ярми истиқомат қилувчи Евроосиё ҳудудининг 60 фоизини эгаллаган энг йирик минтақавий ташкилот.

Аъзо давлатларнинг ўзаро савдо ва инвестицияларини ривожлантириш уларнинг  Евроосиёнинг транспорт алоқаларини кенгайтириш, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Африка ва Европа йўналишида янги транспорт йўлакларини яратиш бўйича ноёб имкониятларини рўёбга чиқаришга ҳам ёрдам бериши мумкин. Бу жараёнларнинг жадаллашувига рақамли трансформация, энг янги технологияларни фаол жорий этиш ва умуман, илмий-техникавий, таълим, маданий-гуманитар алоқаларнинг кенгайиши ёрдам беради.

Ўзбекистон ўзининг раислиги даврида бошқа аъзо давлатлар билан ҳамжиҳатликда ШҲТ фаолиятига аъзо давлатларнинг ҳам, жаҳон миқёсида ҳам эътиборни жалб қилиш борасида кўп ишларни амалга оширди.

Тошкент томонидан белгилаб берилган ҳаётчан кун тартиби (80 дан ортиқ тадбир), ўтказилаётган тадбирларнинг инновацион ва натижага йўналтирилган услуби Ташкилот ҳақидаги янги халқаро воқеликка мослашиш ва фаолиятини такомиллаштириш, кўп томонлама ҳамкорлик самарадорлигини ошириш йўлларини фаол излаётган жонли тузилма сифатидаги тасаввурни сезиларли даражада яхшилади.

Ўзбекистон раислиги даврида унинг асосий эътибори саноат ва технологик кооперацияни ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт, минтақааро ички савдо ва транспорт алоқасининг боғлиқлиги, хавфсизликни таъминлаш ва кибертаҳдидлардан ҳимоя қилиш каби масалаларга қаратилди.

Ўзбекистоннинг раислиги мамлакатимизда фаол амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини ҳам, янгича ташқи сиёсатни, айниқса, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек минтақанинг етакчи давлатлар ва бирлашмалар билан ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ҳам намойиш этиш имконини берди. 

Афтидан, бу масалалар Шанхай ташкилоти саммитида ҳам диққат марказида бўлади, чунки бизнинг минтақамиз Шанхай гуруҳининг Евроосиё қисмини Жанубий Осиё билан боғловчи ШҲТнинг географик ўзагигина эмас. Янада жипслашган ва кооперацияни кучайтирган Марказий Осиё аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар очишнинг муҳим омилига айланиб бораётгани бирдек муҳим.

Ўзбекистон раислигининг салмоқли натижалари ва имзолаш учун тақдим этилаётган йирик битимлар тўплами ШҲТ ўртасидаги ҳамжиҳатликнинг улкан салоҳиятидан далолат беради. Ташкилотнинг кўп қиррали ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган 30 дан ортиқ ҳужжатнинг қабул қилиниши кутилмоқда.

Аъзо давлатларнинг кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий масалалари ва замонавий халқаро муносабатларнинг энг муҳим муаммолари бўйича келишилган ёндашувлари саммитнинг якуний сиёсий ҳужжати – Самарқанд декларациясида ўз ифодасини топади.

Бошқа муҳим қарорлар қаторида Ташкилотга аъзо бўлиш учун қўшилиши керак бўлган ШҲТнинг асосий ҳужжатларидан бири - Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш комплекс режасининг қабул қилиниши алоҳида эътиборга лойиқдир. 

Саммитда Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинадиган Ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорлик концепцияси Евроосиёнинг улкан транспорт-логистика салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилган инновацион ҳужжатдир. Унинг амалиётга татбиқ этилиши келажакда ШҲТ маконида “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” ва “Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар” темир йўллари ва “Шимол-Жануб” ХТЙ каби кўп тармоқли транспорт йўлаклари тармоғини шакллантириш имконини беради.

Тошкент томонидан илгари сурилган яна бир ғоя - саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури ташкилотга аъзо давлатлар саноатини ривожлантириш, ўзаро ишлаб чиқариш сармояларини кўпайтириш ва ШҲТ маконида минтақалараро таъминот занжирларини шакллантиришга қаратилган.

Саммитнинг бир қатор қарорлари Шанхай ташкилотининг кенгайиши жараёнида янги саҳифа очади. Энг муҳим ҳужжат бу Эроннинг қўшилиш бўйича мажбурият тўғрисидаги меморандуми бўлиб, Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитда Теҳронга Ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш имконини беради.

Бундан ташқари, бир қатор араб давлатлари мулоқот бўйича ҳамкорлар мақомини олади – Саудия Арабистони, Қатар ва Миср билан тегишли меморандумлар имзоланади, уларнинг охигиси эса Африкадаги “ШҲТ оиласи аъзо” биринчи давлатга айланади. Баҳрайннинг ҳам ушбу мақом учун аризаси маъқулланиши кутилмоқда.

Шундай қилиб, Эроннинг аъзо давлатлар таркибига кириши ва араб давлатларига мулоқот бўйича ҳамкор мақоми берилиши Яқин Шарқ давлатларининг Шанхай гуруҳига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Саудия Арабистонининг "Arab News" нашри таъкидлаганидек, “ШҲТ Осиёда катта шуҳрат қозонди. Яқин Шарқдаги бир қатор давлатлар диалог ҳамкори, кузатувчи ва иштирокчи сифатида иштирок этиш учун саф тортмоқда”.     

Бу Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг араб-мусулмон дунёси давлатлари ва уларнинг бирлашмалари, масалан, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ёки Араб мамлакатлари лигаси билан сиёсий мулоқот ва амалий ҳамкорликни янада фаоллаштиришига хизмат қилиши мумкин.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқанд учрашувининг муҳим жиҳатинишунингдек, бамисоли“саммит майдони”даги юқори даражадаги дипломатик фаоллик,деб ҳисобласа бўлади. Аъзо давлатлар раҳбарлари ҳамда саммитнинг бошқа иштирокчилари ва меҳмонлари ўзаро муносабатларнинг энг муҳим масалаларини муҳокама қилиш учун икки томонлама ва ҳатто уч томонлама форматда бир қатор учрашувлар ўтказади. Айтиш мумкинки, шу кунларда Самарқанд бир муддат “Евросиёнинг дипломатик пойтахти”га айланади.

Бу Ўзбекистон учун ҳамкорлар билан жадал дипломатик алоқалар ўрнатиш ва қатор давлат раҳбарларининг мамлакатимизга расмий ташрифлари учун қулай имконият бўлади. Бу ШҲТ шериклари билан сиёсий мулоқот ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик, жумладан, қатор аниқ лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришишда сезиларли ютуқларга эришиш имконини беради.

Умуман олганда, Ўзбекистон дипломатиясининг ШҲТга раислик давридаги машаққатли меҳнати барча аъзо давлатларнинг фаол иштироки ва кўмагида кўп қиррали ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорликнинг сезиларли фаоллашувини таъминлади, деб хулоса қилиш мумкин. Ҳамкор мамлакатлар дипломатлари бўлажак саммит Шанхай ташкилоти ривожида янги саҳифа очиши, унинг халқаро нуфузи ва Евроосиёнинг бепоён кенгликларида хавфсизлик ва тараққиёт муаммоларини ҳал этишдаги ролини мустаҳкамлашда салмоқли натижаларга эришишини таъкидламоқда.

Дониёр Қурбонов,
Ўзбекистон Республикаси ТИВ 
Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази директори в.б. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1