Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳақида хабар берилган эди. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева мазкур ҳужжатнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Саида Мирзиёева сўнгги кунларда кичик бизнес учун шароитлар енгиллаштирилиши ҳақидаги янгиликлар ишбилармон доиралар томонидан илиқ қарши олинаётганини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, бу масала анчадан буён тадбиркорлар учун оғриқли муаммо бўлиб келган. Ҳудудларга ташрифлар чоғида тадбиркорлар ҚҚС тўлашга ўтиш бўйича 1 миллиард сўмлик чегара жуда пастлиги, солиқ маъмуриятчилиги мураккаблиги, шунингдек, текширув ва ҳисоботлар ҳаддан ташқари кўплигини таъкидлаб келган.
“Натижада бизнес хотиржам ривожланиш ўрнига сунъий равишда бўлинишга мажбур бўлаётган эди”, — деди Саида Мирзиёева.
Қайд этилишича, президент томонидан имзоланган фармонга мувофиқ, мазкур чегара 5 миллиард сўмгача оширилди.
“Бунинг самарасини, энг аввало, оилавий корхоналар, кафелар, дўконлар, хизмат кўрсатувчилар — бир сўз билан айтганда, ўзининг кундалик меҳнати билан мамлакатимиз иқтисодиётини ҳаракатга келтираётган минглаб инсонлар ҳис қилади”, — деди у.
Шунингдек, ҳужжатда кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган яна бир қатор муҳим чора-тадбирлар ҳам назарда тутилган.






