1

Тошкентдаги масжид имоми ижтимоий тармоқлар орқали "самосуд"ликни тарғиб қилди

ЖАМИЯТ 20.09.2022, 14:59
Тошкентдаги масжид имоми ижтимоий тармоқлар орқали "самосуд"ликни тарғиб қилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Уч тепа тумани   “Азиз ота” жоме масжиди имом ноиби вазифасида ишлаб келган Воҳидов Мирсобитнинг чиқиши фуқароларнинг баҳс-мунозаларига сабаб бўлмоқда. Уларда айтилишича, чиқишларида мулла ўз муридларини фуқаронинг қўлини синдириб, тармоқда ҳеч нарса ёза олмайдиган ҳолга келтиришга ундаган.

Воҳидов Мирсобитнинг ижтимоий тармоқ орқали имомлик мақоми ва амалдаги қонун-қоидаларга эътибор қилмай, гўёки Ислом дини самосуд қилишга чақириши тўғрисидаги қарашлари аслида динимиз таълимотига зид ва бу Ўзбекистон мусулмонлари идораси муносабатини ифода этмайди, дея муносабат билдирди Идора Матбуот хизмати.

" Ўзбекистон мусулмонлари идораси фуқароларни амалдаги қонунларга зид равишда зўравонликка чақирувчи ҳар қандай чиқишларни қатъий қоралайди ҳамда уларни қонунчилик талабларига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлишга ва тўла риоя этишга чақиради.

Қайд этиш лозимки, диний идоранинг аввал қабул қилинган ва ижрога йўналтирилган ҳужжатларида масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва ноиблар амалдаги қонунчилик, одоб-ахлоқ қоидалари, меҳнат мажбуриятларига амал қилиш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги чиқишларида диний асосда адоват қўзғатувчи ахборот тарқатмаслик, нохолис ва салбий мазмундаги кескин мунозараларга сабаб бўлувчи чиқиш қилмаслик талаблари қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2022 йил 13 сентябрь куни чиқарилган 01/А 128-сонли буйруқда ҳам диний соҳа вакилларининг масжидлар ва диний маросимларда, Интернет тармоғидаги чиқишларида ижтимоий беқарорликка, миллий ёки диний асосда низо келтириб чиқишига сабаб бўлиши мумкин бўлган маълумотларни тарқатмаслик алоҳида таъкидланган эди, – дейилади муносабатда.

Афсуски, юқоридаги талабларга қарамай,  Воҳидов Мирсобит ўз чиқишида ҳуқуқий-меърий ҳужжатлар талабларини бузиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур йўналишдаги буйруқлари, имом-хатиб ва имом ноибларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларидаги талабларга риоя этмаган.

Идоранинг 2022 йил 19 сентябрь кунги буйруғи билан Воҳидов Мирсобит билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳамда у эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1