Ижевскдаги мактабда уюштирилган отишма қурбонлари сони ортди

ДУНЁ 27.09.2022, 10:34
Ижевскдаги мактабда уюштирилган отишма қурбонлари сони ортди

Россиянинг Ижевск (Удмуртия республикасида) шаҳридаги 88-мактабда уюштирилган отишма қурбонлари 17 нафарга етди. Бунгача 15 нафар қурбон маълум бўлганди. Бу ҳақда Удмуртия республикаси ҳукумати Россия Тергов қўмитасига таяниб хабар берди.

Идора маълумотларига кўра, 24 киши жароҳатланган. Уларнинг 22 нафари болалар. Барча жабрланганлар тиббий муассасаларга етказилган. Удмуртия раҳбари Александр Бречаловнинг сўзларига кўра, уларнинг аҳволи оғир ва ўртача оғирликда. Тўққиз бола ва икки вояга етган киши реанимацияда қолмоқда. 
Мавжуд маълумотларга кўра, эркак қора ниқобда мактабга бостириб кирган. Дастлаб қўриқчига ўқ узган, кейин синфхонага бориб, ўқувчиларга ҳужум қилган.

Суриштирув давомида ҳужум қилган шахс 1988 йилда туғилган Артем Казансев экани, у ҳам 88-мактаб битирувчиси экани аниқланган. У ҳужумдан кейин ўз жонига қасд қилган. У муқаддам шизофрения ташхиси билан психо-неврологик диспансерда рўйхатга олинган. 

Ҳодиса юзасидан Тергов қўмитаси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105-моддаси – икки ёки ундан ортиқ шахсларни, шу жумладан вояга етмаганларни ўлдириш, 222-моддаси 1-қисми билан жиноий иш қўзғади. Терговни Тергов қўмитаси марказий аппарати олиб боради. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1