1

БМТ Россиянинг “референдум”лари натижасини тан олмади

ДУНЁ 28.09.2022, 13:33
БМТ Россиянинг “референдум”лари натижасини тан олмади

Украинанинг Киев назорати остида бўлмаган ҳудудларида ўтказилаётган “референдумларни” халқ иродасининг ҳақиқий ифодаси деб бўлмайди. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгашининг Украинадаги вазиятга бағишланган йиғилишида ташкилот бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло маълум қилди.

Вазиятни таърифлар экан, ДиКарлонинг таъкидлашича, “Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларининг амалдаги расмийлари” “референдумлар” доирасида украиналикларни ушбу вилоятларнинг Россия Федерациясига қўшилишини маъқуллайдиларми, деган саволга жавоб беришга таклиф қилмоқдалар.

У овоз бериш фақатгина сайлов участкаларида бўлиб ўтмаганига эътибор қаратди. Негаки де-факто ҳокимият вакиллари ҳам қуролли одамлар ҳамроҳлигида сайлов қутилари билан уйма-уй юришган.

“Россия назорати остидаги ва Украинанинг ҳуқуқий ва конституциявий доирасидан ташқарида бўлган ҳудудларда фаол қуролли тўқнашув пайтида аҳолининг хоҳиш-иродаси талаб қилинганини ҳисобга олсак, уларни халқ иродасининг ҳақиқий ифодаси деб бўлмайди”, дея таъкидлади ДиКарло.

Унинг сўзларига кўра, “бир давлатнинг бошқа давлат ҳудудини куч билан қўшиб олишга, уни халқ иродаси сифатида кўрсатиб, қонунийлик кўринишини беришга қаратилган бир томонлама ҳаракатлар халқаро ҳуқуққа мувофиқ қонуний деб ҳисобланиши мумкин эмас”.

Бош котиб ўринбосарининг таъкидлашича, БМТ ташкилотнинг тегишли резолюцияларига мувофиқ халқаро тан олинган чегаралари доирасида Украинанинг суверенитети, бирлиги, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига тўлиқ содиқдир.

Бундан ташқари, у “Россия Федерацияси, ишғол қилувчи давлат сифатида, халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ, босиб олинган ҳудудларни бошқаришда Украина қонунларини ҳурмат қилишга мажбур” эканлигини эслатди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1