1

Олий суд Фарғонада ИИБ ходимлари томонидан фуқарони дўппослангани бўйича муносабат билдирди

ЖАМИЯТ 28.09.2022, 22:39
Олий суд Фарғонада ИИБ ходимлари томонидан фуқарони дўппослангани бўйича муносабат билдирди

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари фуқарони дўппослаётгани акс этган видео тарқалган эди.

Ҳолатга ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов ойдинлик киритиб, видеотасвир 2021 йилнинг 14 июль куни Фарғона шаҳри ички ишлар бўлимида содир этилганини маълум қилганди.

Мазкур воқеилик бўйича Олий суд ахборот хизмати ҳам баёнот берди.

Унинг маълум қилишича, Фарғона шаҳридаги ҳолат юзасидан профилактика инспекторлари М. А. ва Б. Т. Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман судининг 2022 йил 14 мартдаги ҳукми билан ҳар иккисига нисбатан иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. 

Қайд этилишича, бу жиноят иши Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясида қайта кўриб чиқилиб, 2022 йил 23 августдаги чиқарилган ҳукмга кўра М. А. ва Б. Т. нинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмас сабабли айбсиз деб топилиб, уларнинг ҳар иккиси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан реабилитация қилинган.

"Фарғона вилояти прокурори томонидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2022 йил 23 августдаги ҳукми устидан кассация тартибида протест келтирилган бўлиб, ушбу протест белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун расмийлаштирилаётганлиги маълум қилинади",— дейилади хабарда.

Эслатиб ўтилишича, ушбу жиноят иши Олий судда кассация тартибида кўрилиши бўйича суд жараёни якуни юзасидан батафсил ахборот берилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1