АсосийSiyosat

Ўзбекистон ШҲТга раислик даврида ташкилот фаолиятини барқарор ритмда таъминлади

'Ўзбекистон ШҲТга раислик даврида ташкилот фаолиятини барқарор ритмда таъминлади'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, Пойтахтимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити якунларига бағишланган халқаро конференция иши давом этмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан ШҲТ Бош котиби ўринбосари Григорий Логвинов Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга раислигини юқори баҳолади. Таъкидланганидек, ўн икки ойнинг етти ойида Ўзбекистон дунёда рўй бераётган жадал ўзгаришлар, халқаро ҳаётда қарама-қаршилик тенденциялари кучайган шароитда, мисли кўрилмаган силкинишлар билан кечаётган ўзгаришлар даврида раислик қилди.

Шунга қарамай, Ўзбекистон ШҲТ фаолиятини барқарор ритмда таъминлади. Шу фонда яқинда Самарқандда бўлиб ўтган саммит алоҳида аҳамиятга эга. ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити сўнгги уч йил ичида биринчи марта шахсан ўтказилди ва бу замонавий шароитда жуда долзарб бўлди. Саммитда ШҲТнинг асосий тамойиллари – Ташкилот фаолиятида очиқлик ва шаффофлик, учинчи давлатларга қарши ҳаракат қилмаслик, БМТ Низомига риоя қилиш яна бир бор тасдиқланди.

Шу билан бирга, ШҲТ Бош котиби ўринбосари таъкидлаганидек, ушбу ташкилот ривожланиши ва фаолиятининг устувор йўналишлари нафақат кузатувчи, балки узоқ вақт давомида ҳамкор бўлиб келган кўплаб мамлакатларни қизиқтирмоқда. Айни пайтда ШҲТни янада ривожлантириш йўлида қилинадиган ишлар кўп.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ташқи ишлар вазирлиги ва Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ) билан ўзаро ҳамкорликда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси кўмагида ташкил этилган тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар, шунингдек, узоқ хориждаги қатор давлатлар, жумладан, АҚШ, Белгия, Буюк Британия, Германия, Франция, Венгрия ва бошқа мамлакатларнинг эксперт ва таҳлилий доираларидан 30 дан ортиқ таниқли вакиллар иштирок этади.

    Бошқа янгиликлар