АсосийJamiyat

Хитойлик профессор "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетига проректор этиб тайинланди

'Хитойлик профессор "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетига проректор этиб тайинланди'ning rasmi

Хитойлик профессор Тонгқиан Зоу 2022 йил 1-октабрдан Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори лавозимида иш бошлади. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Туризм ва маданий мерос вазирлигиматбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, профессор Пекин халқаро тадқиқотлар университети президенти маслаҳатчиси, Миллий ижтимоий фанлар фонди бош эксперти, Хитой маданият ва туризм академияси декани лавозимларида ишлаган. Хусусан, 2006 йилдан 2013 йилгача Пекин халқаро тадқиқотлар университетининг туризм менежменти кафедраси декани лавозимида фаолият олиб борган. 2013 йилдан ҳозиргача Пекин халқаро тадқиқотлар университети президенти маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келмоқда.

Шунингдек, 2019—2020 йилларда "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университети ректори маслаҳатчиси лавозимида ишлаган, 2020 йил октябрь ойида "Туризм фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирланган. Профессор Тонгқиан Зоу ушбу лавозимга Пекин халқаро тадқиқот университети президенти Жи Жинбиао томонидан тавсия этилган.

Шунингдек, 2021 йилдан буён АҚШдан таклиф этилган доктор Раймонд Жозеф Хофман университетда ўқув ишлари бўйича проректор лавозимида ишлаб келмоқда. 1982 йилда доктор Хоффман Оксфорд университетида PhD даражасини олди. Бундан ташқари, у Флорида штати университети, Гарвард университети ва Германиянинг Ҳеиделберг университетида илмий даража ва иш тажрибасига эга. Айни пайтда проректор замонавий ўқув дастурларини жорий этиш, "Ипак йўли" халқаро туризм ва маданий мерос университетини халқаро даражадаги университетлар қаторига киритишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Маълумот учун, «Ипак йўли» халқаро туризм ва маданий мерос университети Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2018 йил июнь ойида Синдао (ХХР) шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Саммити доирасида ташкил этилган. Ўзбекистонда халқаро туризм соҳасида профессионал кадрлар тайёрлаш мақсадида университетга хорижий олий таълим муассасаларида (АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Франция, Япония, Австралия, Туркия) туризм ва маданий мерос соҳасида ишлаган 10 дан ортиқ хорижий профессор-ўқитувчилар жалб қилинган.

Бошқа янгиликлар