1

Нодирбек дунё гроссмейстерлари мусобоқасида пешқадамлик қилмоқда

СПОРТ 16.10.2022, 14:36
Нодирбек дунё гроссмейстерлари мусобоқасида пешқадамлик қилмоқда

Айни кунларда шахмат бўйича “Meltwater Champions Chess Tour” онлайн мусобақаси ўтказилмоқда. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги маълум қилди.

Жаҳоннинг рейтинги баланд гроссмейстерлари ғолиблик йўлида дона сураётган мазкур мусобақада тезкор шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони ҳисобланган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ортда қолган 8 тур натижаларига кўра, турнир пешқадами бўлиб турибди.

Н.Абдусатторов ортда қолган учрашувларда Миттал Адитя (Ҳиндистон), Ричард Раппорт (Руминия), Давид Антон Гуижаррони (Испания) мағлуб этиб, ҳиндистонлик Аржун Еригаиси билан дуранг ўйнади.

Кеча тунда ўтказилган партияларда ҳам Нодирбек анча ишончли ҳаракат қилди. Фақат 5-турда у ҳиндистонлик Видит Сантошга қора доналарда имкониятни бой бериб қўйди.

Олтинчи турда бошқа бир ҳинд гроссмейстери Доммарджу Гукеш таслим этилди. Еттинчи партияда ҳамюртимиз қора доналарда ўйнашига қарамай, ҳиндистонлик таниқли гроссмейстер Пентала Харикришнани енгди.

Саккизинчи турда яна қора доналарда ҳаракат қилган Нодирбек рейтингда ўзидан юқорида бораётган нидерландиялик Аниш Гири билан муросага келди.

Натижада Нодирбек 5 та ғалаба, 2 та дуранг ва 1 мағлубиятдан сўнг 24 имкониятдан 17 очко жамғариб, турнир жадвалида якка пешқадамликни давом эттирмоқда. Кучли учликдан озарбайжонлик Шахрияр Мамедяров ва жаҳон тождори Магнус Карлсен жой олган. Улар ҳисобида 16 очко бор.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1