АсосийJamiyat

Диққат, фирибгарлик: ҳали савдога чиқарилмаган "Chevrolet Onix" учун шартнома тузиш таклиф қилинмоқда

'Диққат, фирибгарлик: ҳали савдога чиқарилмаган "Chevrolet Onix" учун шартнома тузиш таклиф қилинмоқда'ning rasmi

Бугунги кунда кўплаб огоҳлантиришларга қарамай ҳанузгача виждонсиз “тадбиркорлар” томонидан фуқароларнинг пулларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилиши борасида фактлар учрамоқда, дея хабар бермоқда "UzAuto Motors". 

"Айни кунларда айрим инсонлар ишонувчан харидорларга ҳали сотуви бошланмаган "Chevrolet Onix" автомобилини сотиб олиш учун шартнома тузишни таклиф қиладиган ҳолатлар кузатилмоқда. Ҳеч шубҳасиз, ушбу эълон ишонувчан фуқароларни чалғитиб, кейинчалик уларнинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш учун қилинган, – дейилади компания хабарида

Жорий йилнинг 13 октябрь куни "UzAuto Motors" компаниясига ОЛХ  хизмати орқали ҳали контрактацияси бошланмаган "Chevrolet Onix"  автомобилини 160 485 217 сўм қийматида сотиб олиш учун шартнома тузиш таклифи билан эълон жойлаштирган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ҳақида маълумот келиб тушган.

Компания баёнотига асосан ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида фуқаро С.Б. ва унинг шериклари пул маблағларини олаётган вақтда қўлга олинди. 15 октябрь куни ушбу фуқаролар устидан жиноий иш қўзғатилган ва унга кўра тергов ишлари олиб борилмоқда.

Кўпчилик бундай “тадбиркорлар”нинг қурбони бўлиб келаётгани ва натижада на автомобилни олади, на пулини. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан уларнинг фаолияти тўхтатилганига қарамай, бу каби ҳолатлар ҳали ҳам давом этмоқда.  

"UzAuto Motors" янги автомобиль харид қилишни истагида бўлган харидорлардан огоҳ бўлишини ҳамда фақатгина расмий дилерликларга мурожаат қилишларини сўрамоқда. 

UzAvtoSavdo_bot – компаниянинг расмий телеграм-боти ҳисобланади. Харидорлар @UzAvtoSavdo_bot ёрдамида ўз шартномаси бўйича тўлиқ маълумотни олиш, тақдим этилаётган моделлар ва автомобиллар нархлари билан танишиш, сотувда мавжуд автомобиллар ва моделлар сони ҳақида маълумотга эга бўлиш ва шартнома олиш имкониятига эга.

Бундан ташқари, Сиз учун компаниянинг автомобилга шартнома олишнинг оддий ва қулай усули бўлган UzAvtoSavdo расмий иловаси ишлайди. Ушбу илова ёрдамида сиз ишлаб чиқаришда мавжуд бўлган автомобилларнинг хусусиятлари ва модификациялари билан танишишингиз, сизни қизиқтирган автомобиль қайси автосалонда борлигини билишингиз, танланган автомобил учун жорий навбатни билишингиз, шунингдек навбатингизни кузатишингиз мумкин. Юқоридагилардан ташқари, мобил телефондан "UzAuto Motors"  томонидан ишлаб чиқарилган автомобилни тўғридан-тўғри етказиб бериш бўйича шартнома тузиш ҳам мумкин. UzAvtoSavdo иловаси автомобиль сотиб олишда шаффофликни таъминлайди.

“Ўзавтосаноат” АЖ ва "UzAuto Motors"нинг расмий веб-сайтлари ва телеграм каналларида компания янгиликларини кузатиб боришингиз мумкин.

Бундан ташқари, янги автомобил сотиб олмоқчи бўлган харидорлардан фақат расмий дилерларга мурожаат қилишлари сўралмоқда. Расмий дилерларнинг тўлиқ рўйхати билан "UzAuto Motors"нинг веб-сайтида www.uzautomotors.com танишишингиз мумкин.  

Бундай ҳолатлар ва ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг гувоҳига айланиб қолсангиз, зудлик билан компаниянинг 78 141 77 77 ишонч телефонига мурожаат қилишингиз сўралмоқда. 

 

    Бошқа янгиликлар