1

18-21 октябрь кунлари "InnoWeek.uz-2022" ҳафталиги бўлиб ўтади

ЖАМИЯТ 18.10.2022, 09:35
18-21 октябрь кунлари "InnoWeek.uz-2022" ҳафталиги бўлиб ўтади

Тошкентда 18-21 октябрь кунлари "InnoWeek.uz-2022" Халқаро Инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу ҳақда мазкур ҳафталикка бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда "Darakchi.uz" мухбири.

Ушбу халқаро ҳафталикда 50 дан ортиқ хорижий давлатлардан ва маҳаллий илмий-инновацион марказлар, инвестиция фондлари, технология агентликлари, технопарклар ва бизнес-инкубаторлар вакиллари, экспертлар, олимлар қатнашмоқда.

Бугунги кунга келиб, антропоген омил туфайли экологияга инсоният томонидан етказилаётган зарар миқдори кун сайин ортиб бормоқда. Табиийки бу жараёнларнинг олдини олиш ва уларнинг таъсирини камайтириш жаҳон ҳамжамияти олдида турган энг долзарб вазифалардан бири саналади. Шу боис ҳаам "InnoWeek.Uz-2022" ҳафталигининг бу йил “Барқарор ривожланиш учун яшил инновациялар” шиори остида ўтмоқда.

21 октябрга қадар давом этадиган "InnoWeek.Uz-2022" ҳафталиги доирасида 30дан ортиқ тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, инновациялар кириб борган ҳар бир соҳаларнинг фаолиятига эътибор қаратилади ва кўргазмаларда тақдим этилиши инобатга олинган.

Хусусан, 17 октябрь куни "TechnoWays" технологик ривожланиш марафони финал босқичи ўз ишини бошлади. Ҳафталик доирасида мазкур марафон ғолиблари тақдирланади.

Ҳафталик доирасида ташкил этилаётган инновацион ишланмалар кўргазмасида республикамиз олимларининг илмий ишланмалари, инновацион маҳсулотлар, стартап лойиҳалари намойиш этилади. Илмий ишланмалар Тижоратлаштириш форумининг кузги босқичида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган илмий лойиҳалар натижалари тақдимоти ўтказилади.

18 октябрь куни Халқаро инновацион ҳафталигининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади. Ўша куннинг ўзида "Университетларнинг илмий ва инновацион фаолияти бўйича халқаро биринчи форуми" ўз ишини бошлайди. Ушбу форумда хорижий ва республикамиз ОТМларнинг илмий ва инновацион фаолияти муҳокама қилиниб, таҳлил қилинади. Шунингдек, “Барқарор ривожланиш учун яшил инновациялар” мавзусидаги панель муҳокамаси, “Иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини қисқартиришга йўналтирилган яшил инновациялар” конференцияси ҳамда Ўзбекистон-Германия B2B учрашувлари ташкил этилади.

Ушбу ҳафталик доирасида 19 октябрь куни Осиё ва Тинч океани технологиялар трансфери марказининг "Яшил инновациялар бўйича техник ҳамкорлик механизмлари" мавзусида минтақавий семинар ўтказилади. Мазкур тадбирда атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши хавфини камайтириш ва иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган яшил инновациялар, янги технологияларнинг жорий этилиши талаб этиладиган глобал муаммолар муҳокама қилинади.

Ҳафталик доирасида анъанавий равишда ўтказилиб келинаётган "International Robotics Challenge" робототехника мусобақаси бўлиб ўтади. 16 ёшдан 22 ёшгача бўлган болаларни қамраб олган ушбу мусобақада робототехникага қизиқувчи ёшлар ўзаро беллашади ҳамда энг яхши иштирокчилар қимматбаҳо совринлар билан тақдирланади.

"InnoWeek.Uz-2022" ҳафталигининг 20 октябрь куни "Фан ва инновациялар халқаро илмий форуми", "Фан ва инновация" ёш олимлар халқаро илмий анжумани бўлиб ўтади. Шу билан бирга худди шу куни "Инновацион ғоя етакчиси" кўкрак нишони ҳамда Жаҳон банкининг грант дастурлари ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилади. "Туркий давлатлар ташкилоти:" Ақлли шаҳарлар" масалаларига ихтисослашган" мавзусидаги ИТ мутахассислари учун экспертлар конференцияси ва «Энергосамарадорлик ва углеродсиз келажак энергетикаси йўлида» мавзусидаги халқаро конференцияси ҳам шу куни бўлиб ўтади. Бундан ташқари, стартап лойиҳалари жамоалари томонидан экология масалалари ечимлари ва инвестиция жалб қилиш имкониятлари муҳокама қилинади.

Ҳафталикнинг сўнгги куни эса "International Robotics Challenge" мусобақасининг якуний босқичи, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилаётган фундаментал лойиҳалар тақдимоти ташкил этилади. Шунингдек, 21 октябрь куни "Ўзбекистонда мис саноатини ривожлантириш истиқболлари" мавзусидаги семинар ҳам ўтказилади.

Ҳафталик давомида халқаро ва маҳаллий ҳамкорлар билан шартномалар ва меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1