АсосийJamiyat

АҚШ компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш бўйича келишувга эришилди

'АҚШ компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш бўйича келишувга эришилди'ning rasmi

Жорий йилнинг 17  октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев АҚШ савдо вазири ўринбосари Мариса Лаго билан учрашди.

Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Маълумот учун: Сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда АҚШ капитали иштирокидаги корхоналар сони икки баробарга кўпайиб, 315 тага етган. 

Таъкидланишича, учрашувда икки томонлама Инвестициявий битимни имзолаш жараёнини тезлаштириш, америка компаниялари ва молия институтларини Ўзбекистонда тоғ-кон, кимё ва нефт-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишувга эришилган.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш истиқболлари муҳокама қилинган. Томонлар ўзаро товар айирбошлашда ижобий тенденцияни қайд этдилар, бу кўрсаткич 2021-йилда 53 фоизга ошиб, қарийб ярим миллиард долларга етди ва 2022-йилнинг январ-август ойларида эса яна 8,7 фоизни ташкил этди. Ўзбекистон-АҚШ икки томонлама савдо ҳажмини янада ошириш учун шарт-шароитлар яратиш, жумладан, икки томонлама маҳсулот етказиб бериш ҳажмини ошириш мақсадида транспорт йўлакларини диверсификация қилиш жараёнини молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида, АҚШ томонидан, бошқа услублар қаторида, ЮСАИДнинг техник кўмак лойиҳасини амалга ошириш орқали ҳар томонлама қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирилди. Томонлар Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга тезроқ аъзо бўлиши мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятини максимал даражада рўёбга чиқариш учун муҳокама қилинган барча масалалар бўйича фаол ва доимий мулоқотни давом эттириш тарафдори эканликларини билдирдилар.

 

 

    Бошқа янгиликлар