2022 йилнинг 19 октябрь куни Тошкент шаҳрида “Афғонистон: минтақавий боғлиқлик, хавфсизлик ва ривожланиш“ мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Мазкур форум жорий йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида олий даражада ўтказилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференциянинг мантиқий давоми бўлиб, у томонларнинг Афғонистоннинг ривожланиши ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги фикрлари муштарак эканлигини тасдиқлади.
Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилди.
Тошкент учрашувида Афғонистон, Покистон, Эрон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон хавфсизлик органлари ва разведкавий хизматлари делегациялари иштирок этди.
Тадбир қатнашчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг табрик хатини Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси - Спичрайтер Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Халқаро анжуман якунида иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича йўналишлар ва аниқ вазифалар белгилаб олинди, шунингдек, глобал ҳамда минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган терроризмга қарши биргаликда қатъий курашишга келишиб олинди.






