АсосийJamiyat

Самарқандда 16 та туман ва шаҳар ҳокимликлари судга берилди, маълум қилинишича...

'Самарқандда 16 та туман ва шаҳар ҳокимликлари судга берилди, маълум қилинишича...'ning rasmi

Самарқанд вилоятида 3 миллиард сўмдан ортиқ қарздорликни тўламаган ҳокимликларнинг иши судга оширилди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси матбуот котиби хабар қилди. 

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан Самарқанд вилоят Қурилиш бош бошқармасида электрон-аукционда сотиладиган ер участкалари юзасидан ишлаб чиқилган архитектура ва режалаштириш топшириғи учун туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тўловларни амалга оширилиши ҳолати сўров йўли билан ўрганилганда бир қатор туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан йирик миқдордаги қарздорлик мавжудлиги аниқланди.  

Хусусан, “Архитектура-режалаштириш топшириғи бюроси” УК томонидан туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳудудида жойлашган ер участкалари учун 2020-2022 йиллар оралиғида (14.02.2022 йил ҳолатига) 5 716 та АРТлар ишлаб чиқилган бўлиб, жами қарздорлик қиймати 3 млрд 259 млн 236 минг сўмни ташкил этган. Ўрганиш натижалари бўйича  тақдимномалар киритилган бўлишига қарамай, ҳокимлик масуъллари қонунчилик талабларини вақтида бажармаган.

Жумладан, Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги 117 та ер участкаси учун ишлаб чиқилган архитектура-режалаштириш топшириғи юзасидан жами 126 360 000 сўм, Нарпай туман ҳокимлиги 59 400 000 сўм, Оқдарё туман ҳокимлиги 195 840 000 сўм, Пахтачи туман ҳокимлиги 137 160 000 сўм, Пайариқ туман ҳокимлиги 97 200 000 сўм, Жомбой туман ҳокимлиги 196 560 000 сўм, Иштихон туман ҳокимлиги 231 120 000 сўм, Булунғур туман ҳокимлиги 344 520 000 сўм, Ургут туман ҳокимлиги 209 520 000 сўм, Самарқанд туман ҳокимлиги 116 640 000 сўм, Пастдарғом туман ҳокимлиги 505 516 000 сўм, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги  57  240 000 сўм, Нуробод туман ҳокимлиги 505 516 000 сўм, Қўшработ туман ҳокимлиги 552 960 000 сўм, Тойлоқ туман ҳокимлиги 7 560 000 сўм, Каттақўрғон туман ҳокимлиги 290 520 000 сўм қарздорликни тўлаб бермаган.      

Мазкур қарздорликларни бартараф этиш мақсадида Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан тегишли тартибда тақдимномалар киритилган бўлса-да, ҳокимликлар ушбу муаммони ҳал қилиш чораларини кўрмаган. Шундан сўнг, шаҳар ва туманлараро Иқтисодий судларига даъво аризалари киритилиб, иш суд тартибида кўриб чиқилди. Суд тўпланган далиллар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг тегишли моддаларини қўллаб, даъво талабларини тўлиқ қаноатлантиришни лозим топди ва қарздорликни ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.  

    Бошқа янгиликлар