Самарқанд вилояти, Ургут тумандаги эркаклар ва аёллар “Мурувват” уйлари Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ўрганилганда муассасаларда яшовчи айрим беморларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги аниқланган. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати маълум қилди.
“Мурувват” уйи мутасаддиларнинг қайд этишича, бир қарашда арзимаган кўринган ҳужжат вақт ўтиб жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳатто тўлиқ давлат қарамоғида бўлган бу кишиларга мурувват кўрсатишнинг иложи бўлмай қолиши мумкин. Муаммонинг ечимини суд орқали ҳал қилиш мумкин. Бироқ бу борада “Мурувват” уйи қилган мурожаат тегишли харажат талаб қилади. Табиийки, муассасада бундай ҳолатлар учун кўзда тутилган маблағ мавжуд эмас.
Таъкидланишича, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан “Мурувват” уйларидаги 9 нафар беморлар манфаатида судга даъво аризалар киритилган.
Ўз навбатида тегишли давлат идоралари билан ёзишмалар орқали 9 нафар руҳий хасталиги бор беморларнинг зарур ҳужжатлари тўпланиб, судга тақдим этилган.
2022 йилнинг 18 октябрь куни Омбудсманнинг даъво аризаси Фуқаролик ишлари бўйича Ургут тумани судининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
“Мурувват” уйларининг ўзида ўтказилган суд мажлиси якунида 6 нафар беморни туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги даъво аризалар қаноатлантирилди. 3 нафар шахснинг ҳужжатлари топилди.
Суд қарори асосида қайд қилинган кишиларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат - фуқаролик паспортлари расмийлаштирилиб берилади.






