Хабарингиз бор, 2021 йилнинг 27 февраль ойида пойтахтимизнинг Чилонзор тумани Гулистон кўчасида жойлашган “Шовотландия” кафесида ёнғин содир бўлиб, ўт қўйиш оқибатида 5 киши вафот этганди. Мазкур жиноят иши бўйича айбланган 2 нафар шахсга жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан ҳукм ўқилган. Унга кўра, 36 ёшли судланувчи “қасддан одам ўлдириш”, “товламачилик”, “мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш”, 26 ёшли судланувчи эса “қасддан одам ўлдириш”, “мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш” жиноятини содир қилганликда айбли деб топилиб, уларга узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Судланувчиларга оид мазкур жиноят иши юзасидан чиқарилган ҳукм устидан маҳкумлар томонидан келтирилган апелляция шикоятига асосан жиноят иши апелляция тартибида кўрилаётган эди.
19 октябрь санасида Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида очиқ суд мажлисида 9 соатдан ошиқ вақт давомида тарафларнинг музокараси тингланиб, судда танаффус эълон қилинганди. Бугун эса мазкур жиноят иши юзасидан суд ажрими эълон қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2021 йил 21 декабрдаги Абдурахимов Рустам ва Сайфиев Фахриддинга оид ҳукми ҳамда жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2022 йил 25 февраль кунги ажрими ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари ва хусусий шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Судланувчи Р.Абдурахимовдан олиб қўйилган “Iphone 12 Promax” телефон аппарати ва бошқа буюмларни қайтариш юзасидан мафаатдор томонларга тергов органига мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.
Ойбек Шукуров