Аввалроқ, Президент қарори билан 2023 йилдан бошлаб ҳар йили ёшларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги стартап лойиҳаларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган Президент соврини учун танлов ўтказилиши ҳақида ххабар берилган эди.
Ҳужжатга кўрa, танловда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан иборат жамоа иштирок этиши мумкин.
Танлов 2023 йилда қуйидаги 5 та йўналиш бўйича ўтказилади:
- Сунъий интеллект технологиялари — Сунъий интеллект технологияларига асосланган турли соҳалар учун ечимлар;
- Ижтимоий йўналишда рақамли технологиялар — таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида операсион жараёнларини рақамлаштириш, давлат хизматларини электрон тарзга ўтказиш ёки ижтимоий соҳаларда мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган лойиҳалар;
- Ахборот ва киберхавфсизлик технологиялари — турли соҳаларда дастурий маҳсулотлар ва аппарат-дастурий мажмуаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, кибержиноятларнинг олдини олишга қаратилган лойиҳалар;
-Тадбиркорлик ва молиявий технологиялар — тадбиркорлик субъектлари ва хўжалик бошқарув органлари учун электрон тижорат, корпоратив ечимлар ва молия технологияларини яратишга қаратилган лойиҳалар;
- Компютер ва мобил ўйин дастурлари — компютер ва мобил қурилмалар учун оффлайн ёки онлайн ўйинлар ишлаб чиқиш ҳамда жараёнларни геймификасия этишга қаратилган лойиҳалар.
Танлов ғолиблари ва совриндорлари танловнинг якуний босқичида иштирок этадиган 25 та жамоа орасидан жамоатчилик томонидан махсус порталда овоз бериш орқали аниқланади.
Бунда, жамоатчилик томонидан овоз бериш натижасига мувофиқ:
Ҳар бир йўналиш бўйича энг кўп овозга эга бўлган 1, 2 ва 3-ўринларни эгаллаган (жами 15 та) жамоалар танлов ғолиблари, қолган 10 та жамоа танлов совриндорлари деб ҳисобланади.
Танлов ғолиблари:
1-ўрин учун — 100 000 АҚШ доллари;
2-ўрин учун — 50 000 АҚШ доллари;
3-ўрин учун — 30 000 АҚШ доллари.
Танлов совриндорларининг ҳар бири — 10 000 АҚШ доллари миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади.
Танловга 2023 йил март ойида старт берилиши режалаштирилган.