Ҳолатга ойдинлик киритилди.
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 13-сонли давлат мактабгача таълим массасасининг 20 нафардан ортиқ тарбияланувчиси овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилганига оид хабарлар тарқалди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, 21 октябрь куни соат 11:45 лар атрофида Олтиариқ туманидаги 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир гуруҳ тарбияланувчиларида тана ҳарорати кўтарилиши оқибатида Повулғон оилавий шифокор пунктига мурожаат бўлган.
Суриштирув давомида маълум бўлишича, мазкур боғчада бир кун аввал “Ҳосилжон-меҳржон” байрами ўтказилиб, тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмали стол дастурхони қатор қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, узум, ҳурмо, олма, банан, тарвуз ҳамда турли қандолатлар билан безатилган. Болажонлар эса ушбу егуликлардан тартибсиз равишда истеъмол қилган.
21 октябрь куни оилавий шифокор пунктига бўлган мурожаат асосида 8 нафар бемор туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Дастлабки текширувлар натижасига кўра, уларда овқатдан заҳарланиш белгилари кузатилмаган.
"Ҳозир ушбу болажонларнинг умумий ҳолати қониқарли. Тегишли симтоматик даво муолажаларидан сўнг кичкинтойлардан 5 нафарига уйга жавоб берилган.
Шунингдек, шифохонага ётқизилган боғча тарбияланувчиларидан олинган тиббий таҳлил намуналари лабораторияга юборилган. Ҳолат юзасидан мутахассислар томонидан текширув-суриштирув ишлари давом эттирилмоқда", — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда мазкур ўғил-қизлар саломатлигини Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги ўз назоратига олган.