Мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларимизни ишсизликдан ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда айрим сабабларга кўра вақтинча ишсиз бўлган юртдошларимизни касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш борасида давлатимиз томонидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар сифатини яхшилаш соҳасида жуда кўп ишлар амалга оширилди.
Мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб сўнгги беш йил ичида ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимида ўзига хос иқтисодий механизмлар ишлай бошлади. Бу механизмлар, аввало, пандемия оқибатларида аҳолининг айрим қисмида юз берган вақтинча ишсизлик натижасида иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолганларни қўллаб-қувватлаш, кўпчилик ҳолатларда ишсиз аёлларни нафақат моддий таъминлаш, балки уларга янги иш жойи топишида, зарур ҳолларда касбий билим ва малака даражасини оширишида бевосита ёрдам кўрсатишни кўзда тутди.
Олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида қонунда баъзи бўшлиқлар борлиги амалиётда ўз исботини топмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизда аҳолининг турмуш даражаси ва даромадларини ошириш учун уй хўжаликларини тараққий эттириш, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этишда қуйидаги йўналишларга устуворлик бериш ҳамда давлат томонидан кафолатлаш мақсадга мувофиқ бўлар эди:
биринчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилишнинг очиқ ва шаффоф механизмини ишлаб чиқиш;
иккинчидан, камбағаллик домига тушиб қолган оилалар, уларнинг аъзоларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолини ишга жойлаштириш жараёнини рақамлаштириш ҳамда мазкур фаолиятнинг электрон платформасини ишлаб чиқиш;
учинчидан, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш борасида аҳолининг ёрдамга муҳтож қисми касбий малакаларини ошириш, иш берувчилар талаби бўйича уларни қайта ўқитиш тизимини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаш;
тўртинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган ҳамда ёлғиз аёллар учун кафолатланган иш ўринларини жорий қилиш мақсадида қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш;
бешинчидан, қийин аҳволга тушиб қолган аҳолини қўллаб-қувватлаш учун оилаларда ва маҳаллаларда касаначилик фаолиятини янада ривожлантириш.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун лойиҳасининг 37-1-моддасига киритилиши режалаштирилаётган “Давлат фуқароларни ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўради. Давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш учун уларнинг касбий тайёргарлиги ҳамда қайта тайёрланишини ташкил этади ва рағбатлантиради”, деган норма келажакда давлатнинг ижтимоий ҳимоя механизмини қонуний жиҳатдан янада мустаҳкамлашга олиб келади. Бу эса мамлакатимизда ишсизлик ва бандлик соҳасида муаммоларнинг ечилишига,ишсизлар ижтимоий ҳимоясининг кучайтирилишига, уларнинг турмуш даражаси яхшиланишига, даромадларининг ошишига ҳамда иш билан таъминланишига имконият яратади.
Нодиржон РАСУЛОВ, иқтисод фанлари доктори






