АсосийJamiyat

Алиментдан бўйин товлаганларнинг қарздорликлари жамғармадан қоплаб берилади

'Алиментдан бўйин товлаганларнинг қарздорликлари жамғармадан қоплаб берилади'ning rasmi

Давлат раҳбарининг жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Мажбурий ижро бюросининг “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди. Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил 3 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилиниб, “Алимент тўловлари жамғармаси тўғрисида” Низом тасдиқланган.

Жамоатчилик ўртасида барча энди алимент қарздорликлари давлат томонидан тўлаб берилиши керак, лекин ижрочилар пайсалга солмоқда деган турли фикрлар пайдо бўлмоқда. Хўш, аслида амалиётнинг тартиб-талаблари қандай, у қай тарзда татбиқ этилмоқда? Бу ҳақда МИБнинг Cамарқанд вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектор Дўстбек Сулаймонов маълумот берди.  

Маълум қилинишича, жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтирилади.

Бунда қарздорликни қоплаб бериш учун мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочисининг алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади.

Демак, эндиликда ушбу қарорга мувофиқ ўз мажбуриятларини бажаришдан қасддан бўйин товлаган ва бу қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорларнинг алимент бўйича қарздорликлари “Алимент тўловлари” жамғармасидан қоплаб берилади.

Маълумот учун: алимент қарздорлиги жамғарма маблағидан ундирувчига тўлаб берилгани, қарздор зиммасидан бу масала буткул олиб ташланганини билдирмайди. Яъни, жамғарма ҳисобидан алимент учун қоплаб берилган маблағларни жамғармага қайтариш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари амалга оширилади. Агар қарздор қамоқда ва ишлаётган бўлса жазони ижро этиш муассасасига иш ҳақи бўйича давлат ижрочиси томонидан талабнома юборилади.

    Бошқа янгиликлар