1

Давлат байроғи қабул қилинган кун арафасида ўн бешта шаҳарда бир вақтда Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади

СПОРТ 29.10.2022, 10:59
Давлат байроғи қабул қилинган кун арафасида ўн бешта шаҳарда бир вақтда Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтади

Давлатимизнинг энг муҳим миллий байрамларидан бири - Ўзбекистон Республикаси давлат байроғини қабул қилиш куни арафасида 13 ноябр куни республиканинг ўн бешта шаҳрида бир вақтда Yangi Nafas спорт мусобақалари бўлиб ўтади. Бутун юртимиз бўйлаб 32 мингга яқин иштирокчи "Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда - бирга югурамиз" ягона шиори остида бирлашади.

Давлат байроғи кунини нишонлаш доирасида, Фарғона, Қўқон, Наманган, Андижон, Чирчиқ, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Қарши, Термиз, Навоий, Бухоро, Урганч, Нукус ва Тошкент аҳолиси Yangi Nafas спорт оммавий югуриш мусобақасига қўшилади. Республика пойтахтида ушбу куни бир вақтда 3 та оммавий югуриш мусобақалари ташкиллаштирилади – “Янги Ўзбекистон”, “Ашхобод” паркларида ва “Humo Arena” муз саройининг ҳудудида.

Барча шаҳарлар учун Yangi Nafas спорт оммавий югуриш мусобақасининг ягона масофа узунлиги 3 км ни ташкил қилади. Ташкилотчилар таъкидлашича, ушбу масофа ҳар қандай тайёргарлик даражасига эга иштирокчи учун оптимал масофа ҳисобланади. Тажрибали югурувчилар учун дастурга 12 км узунликдаги масофа киритилган бўлиб, унинг маршрути  “Янги Ўзбекистон” паркида ўтади.

Оммавий югуриш мусобақасида ногиронлиги бўлган югурувчиларнинг хавфсиз ва қулай иштирок этишининг таъминланганлиги Yangi Nafas дастурининг муҳим қисми бўлиб ҳисобланади. Адлия вазирлиги кўмагида шаҳарларнинг ҳар бирида уларнинг кенг кўламли тадбирда қатнашиши ташкил этилади.

Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси доирасида, ҳар бир шаҳарда концерт – кўнгилочар тадбирларнинг ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, Давлат байроғи кунига бағишлаб оммавий флешмоблар ташкил этилади.

Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақасининг ташкилотчилари сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон касабалар федерацияси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Енгил атлетика федерацияси иштирок этмоқда.

Yangi Nafas — аҳолини соғломлаштириш ва соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга қаратилган ижтимоий ҳаракат. Оммавий югуриш мусобақаси Енгил атлетика федерацияси иштирокида 2019-йилдан бери ўтказиб келинмоқда. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб хайрия оммавий югуриш мусобақалари ва марафонлар, спорт тадбирлари ўтказилмоқда.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1