Бухоро вилояти Пешкў туманлараро иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор "Варахша тулпори" фермер хўжалигининг ундирувчи ДСИ ва бошқалардан 93,0 млн. сўм қарздорликни ундириш белгиланган.
Ижрони таъминлаш мақсадида Бюронинг Пешкў туман бўлими давлат ижрочилари жорий йилнинг 22 октябрь куни соат 11:30 ларда туманнинг "Варахша" МФЙ ҳудудида жойлашган "Варахша тулпори" фермер хўжалиги дала шийпонига бориб, қарздор фермерга ижро ҳужжати талабларини тушунтираётган вақтда қарздор фермер ва унинг ўғли тўсатдан давлат ижрочисига ташланиб, унинг бўйнидан бўғиб, тан жароҳати етказишган. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Ўша жойда бўлган давлат ижрочилари ва Ички ишлар ҳодимлари тажовузкор фермер ва ўғлининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини тўхтатган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пешкў туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тажовузкор фермер ва ўғли эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.