Ижтимоий тармоқларда Самарқандда 15 суткага қамалиб чиққан фуқаро шифохонада вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Уларда унинг ўлимига қамоқхонада олган жароҳати сабаб бўлгани айтилган.
Вилоят ИИБ Ахборот хизматининг ҳолат бўйича баёнот беришича, Оқдарё тумни “Ойтамғали” МФЙда яшаган фуқаро Б.Р. Пайариқ тумани судининг 2021 йил 3 февралдаги суд буйруғига асосан 2 нафар вояга етмаган фарзандлари вояга етгунига қадар алимент тўлаши белгиланган бўлса-да, алимент ва моддий таъминот пулларини тўламасдан келганлиги аниқланган.
Оқдарё туман судининг қарори билан Б.Р.га 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Б.Р. маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхонага 25 октябрь куни олиб борилган.
Махсус қабулхонада Б.Р.нинг тутқаноғи тутиб, йиқилиб, бош девор бурчагига урилиб, тан жароҳати олган.
"У билан бир хонада сақланаётганлар, шунингдек махсус қабулхона ходимлари унга зудлик билан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатишиб, фуқаро РШТЁИМ Самарқанд филиалига олиб борилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Махсус қабулхонага келтирилгандан сўнг ҳам фуқаро хона ичида ўзига-ўзи гапириб, руҳиятида бузилиш бўлгалиги сабабли, Махсус қабулхона бошлиғи хатига асосан вилоят руҳий касалликлар шифохонасига унинг руҳий ҳолатини текшириш учун юборилган.
28.10.2022 йил Ургут тумани “Ҳалқобод” маҳалласида жойлашган вилоят руҳий касалликлар шифохонасида фуқаро вафот этган", дейилади расмий баёнотда.
Таъкидланишича, айни дамда ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлими сабабига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси, ИИБ ходимлари ва шифокорларнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинланган.






