АсосийЖАМИЯТ

"Янги Ўзбекистон" массивларидаги уй-жойлар рисоладагидекми? Асл вазиятни ўргандик (фоторепортаж)

Президентнинг тегишли фармонига кўра, республиканинг барча вилоят туманларида 30 га яқин “...

'"Янги Ўзбекистон" массивларидаги уй-жойлар рисоладагидекми? Асл вазиятни ўргандик (фоторепортаж)'ning rasmi

Президентнинг тегишли фармонига кўра, республиканинг барча вилоят туманларида 30 га яқин “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилмоқда. Нисбатан арзонроқ бўлиши кутилаётган мазкур уй-жойлар сифати қандай? Муддат, меъёрий ҳужжатлар ва хавфсизлик талаблари билан боғлиқ масалалар-чи? Массивлар қурилишида қандай оқсоқликлар кузатиляпти? Бу саволларга жавоб топиш мақсадида Навоий ва Бухоро вилоятларида қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивларидаги ҳолатни ўргандик. 

Биринчи манзилимиз Навоий вилояти Кармана тумани Дўстлик МФЙда қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви бўлди. Қурилиш вазирлиги масъуллари билан қурилиш жараёнлари кетаётган массив ҳудудига киришимиз билан айрим уй-жойларнинг девор монолитлари нотекис терилгани, қурилиш майдони ҳудуди чиқиндилардан тозаланмаганига гувоҳ бўлдик.

Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, бу каби камчиликлар 2022 йилнинг июнь ойидан қурилиши бошланган, 420 та хонадонли 18 та уй-жойларга эга мазкур массивдаги нормаларга амал қилмаслик билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Сўнгги 5 ойда Навоий вилояти Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши бўйича олиб борилган текширувлар натижасида уй-жойларнинг:

  • ташқи пардозлаш ишлари сифатсиз бажарилганлиги; 
  • девор юза қатламлари нотекис қилинганлиги;
  • девор бурчакларида бир тўғри чизиқлик таъминланмаганлиги; 
  • 11-сонли уйнинг пойдевор армокаркаслари ҳимоя қатлами 50 мм фиксаторлар билан таъминланмасдан, амалда турли хил ўлчамдаги табиий тошлардан фойдаланилган ҳолда каркас ўрнатиш ишлари бажарилганлиги аниқланган. 

Бу бўйича масъул ходимларга тегишли кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинган. Қурилиш ишлари бошлангандан бери массивда 16 марта текширувлар ўтказилган бўлса, камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмаганлиги сабабли инспекция томонидан 3 марта МЖтКнинг 99-моддасига асосан маъмурий иш ҳужжатлари тайёрланиб, судларга оширилган.

Қурилишга масъулларга вазирлик мутасаддилари томонидан кўрсатма ва эътирозлар берилган сўнг тезкор назорат жамоаси Бухоро вилоятига қараб йўл олишди. Ғиждувон тумани Барака МФЙда қад ростлаётган "Янги Ўзбекистон" массивида камчиликлар Карманадаги ҳолатга нисбатан ҳам кўпроқ эканлиги маълум бўлди.

Сифат талаблари ва меъёрларга амал қилмаслик бўйича ҳудудда қисқа дақиқаларда қуйидаги камчиликлар аниқланди:

  • ишчиларнинг ҳаммаси ҳам махсус кийим-бошда эмас; 
  • объектда махсус сақлаш омборлари йўқлигидан арматура ва бошқа металл материаллар тупроқ ерда занг ҳолатда сақланмоқда;
  • объект ички назорат ходими ва прораб йўқ;
  • ғиштлар ҳам, ғишт териш ишлари ҳам сифатсиз бўлиб, тик чоклари қоришма билан тўлиқ тўлдирилмаган;
  • ишлатилаётган арматуралар эса 5 қатор ўрнига 3 қатор қўлланилмоқда;
  • айрим кўп қаватли биноларда қаватлараро зиналари 2-қаватгача кўтарилган, аммо 4-қаватда ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда;
  • ертўлалардаги гидроҳимоя ишлари бажарилмаган;
  • А1 турдаги асос арматуралардан фойдаланиш ўрнига А3 туридан фойдаланилган;
  • нотўғри жойлаштирилиш сабабли арматуралар ҳимоя қатламидан ташқарига чиқиб қолган.

Массивда 24 та 5 қаватли уй-жойларнинг қурилиши инспекция рўйхатидан ўтган. 2022 йилнинг март ойида қурилиши бошланган массивда ўтган 7 ой давомида 1 та ҳолатда “Когон йиғма сервис” МЧЖ корхонаси томонидан стандарт талабларига жавоб бермайдиган сифатсиз томёпма плиталари қурилиш объектига етказиб берилганлиги учун, шунингдек, 2 та ҳолатда қурилиш-пудрат корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан МЖтК 99-моддаси тегишли бандлари билан жарима қўлланилган.

Сардорбек Усмоний

 

    Бошқа янгиликлар