Ўзбекистон сўнгги йилларда минтақадаги давлатлар билан ҳамда мамлакат миллий манфаатларини амалга оширишда муҳим ҳисобланган халқаро ва минтақавий ташкилотлардаги иштирокини мустаҳкамлаб бормоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар билан ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама фаол сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий муносабатларни амалга оширмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ТДТ мамлакатлари билан умумий товарайланмаси 2020 йилда 6,8 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган бўлса (шундан 2,9 миллиард АҚШ доллари экспортни, 3,9 миллиард АҚШ доллари импортни ташкил қилган), 2021 йилда ушбу кўрсаткич 39%га ошиб, 9,4 миллиард АҚШ долларига етди (шундан мамлакатимиз 3,9 миллиард АҚШ доллари экспорт, 5,5 миллиард АҚШ доллари импортни ташкил қилди).
Бундан ташқари, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг (Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия аъзо давлатлар, Венгрия ва Туркманистон кузатувчиси давлатлар) ўзаро турли соҳалардаги муносабатларга кириши геосиёсий нуқтаи назардан муҳим ҳисобланади.
Ўзбекистон ТДТ доирасидаги асосий устувор вазифаларида уч йўналиш шаклланиб кучайиб бориши кузатилади.
Биринчидан, савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш учун қулай ва жозибадор шароитларни яратиш, транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик ва транзит масалаларига алоҳида эътибор қаратиш, саноат кооперациясини кучайтириш, иқлим ўзгариши ва экология муаммоларини ечиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш.
Иккинчидан, “ақлли шаҳар”ларни барпо этиш бўйича тажриба алмашиш ва инновацияларни трансфер қилиш мақсадида экспертлар ва IT мутахассислар учун доимий платформа яратиш.
Учинчидан, маданият ва туризм сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация қилиш, нодир асарларни биргаликда ўрганиш, уларни таржима қилиш ҳамда бошқа йўналишларни қамраб олган “йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш;
Тўртинчидан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, креатив ғоя ва лойиҳаларини рағбатлантириш, миллий қадриятларимизга ёт бўлган таъсирлардан асраб-авайлаш.
2021 йилнинг ноябрь ойида Истамбулда бўлиб ўтган саммит ушбу ташкилотнинг ўзига ҳос шаклланиши ва мамлакатлар орасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга асос бўлиб хизмат қилди. Саммит якунлари бўйича “Туркий дунё нигоҳи – 2040” тўғрисида”, “Туркий давлатлар ташкилотининг туркий дунё бирлигига қўшган ҳиссаси учун Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти тўғрисида”, “Туркий давлатлар ташкилотининг Туркий инвестиция фондини ташкил этишни якунлаш тўғрисида” ва бошқа муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.
Баъзи мутахассисларнинг фикрича, ТДТга аъзо давлатларнинг аксарият аъзолари ТДТ инфратузилмасидан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ошириш ва Туркия ҳомийлигидаги қўшма лойиҳаларда иштирок этиш учун яхшироқ шарт-шароитларни музокаралар олиб бориш учун фойдаланишни кутмоқда.
Бу ерда иштирокчи мамлакатлар ҳақиқатан ҳам мухим ўринга эга. Томонлар Каспий денгизи атрофидаги мавжуд салохият логистика дастурларига (уларни Хитой транспорт дастурлари билан боғлаш имконияти билан) қизиқиш билдирмоқда. Туркиянинг ўзи ҳам Марказий Осиё ва Озарбайжондаги сармоявий иштирокини кенгайтиришдан манфаатдор. Бишкекда Туркий давлатлар ташкилотининг сармоя фондини ташкил этиш ташаббуслари ҳам иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдан далолат беради. Ушбу ниятлар муваффақиятли амалга оширилган тақдирда, ТДТ мамлакатлари умумий лойиҳаларни молиялаштириш учун кучли институтга эга бўладилар.
Мустакил экспертлар фикрича, Ўзбекистон вакилларининг таъкидлаган икки жиҳат Туркия учун ҳам муҳим. Биринчиси, “умумий тарих ва умумий келажак” га урғу берилишидир. Шунингдек, умумий, аммо ҳали амалга тўлиқ оширилмаган қадриятларни таъкидлаш ҳам муҳим.
Ўзбекистон томонини қизиқтирган яна бир масала туркий бирлик ғояларини кейинги авлодларга етказиш учун қўшма таълим имкониятларини яратиш билан боғлиқ. Экспертларнинг фикрича, ТДТда иштирок этувчи мамлакатлар жамиятлари яқинлашмасдан туриб, қарашлар бирлиги ёки интеграциянинг ўзига хос ўзаро манфаати ҳақида гапиришга ҳали эрта.
Умуман олганда бугун Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотида муҳим манфаатлари сифатида минтақада савдо, транспорт, туризм, қишлоқ хўжалиги, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш каби муҳим соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш.
Шу нуқтаи назардан, ҳозирги босқичда ТДТ олдида турган устувор вазифалар сифатида қуйидагилар келтириб ўтиш мумкин:
Биринчидан, Кавказ ва Марказий Осиёда янги ривожланаётган транспорт ҳамда энергетика йўлаклари тармоғи бўйлаб ишончли хавфсизлик ва ҳамкорлик камарларини таъминлашдир. Бу нафақат аъзо давлатлар ўртасида савдо алоқаларини кенгайтириш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутади, балки ташкилотнинг иқтисодий мустақиллиги ва фаровонлигига эришиш билан бирга, бу йўлдаги барча глобал хуружлар, жумладан, Афғонистон ҳудудидан (терроризм, ноқонуний миграция, трансмиллий жиноятлар ва бошқа) таҳдидларга қарши туриш омили ҳамдир.
Иккинчидан, бу Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг қандайдир тарзда ҳаддан зиёд геосиёсий амбициялар ва яратилаётган трансмиллий лойиҳалар фаолиятида иштирок этаётган бошқа халқаро кучлар босимига қарши туришида кўмак беради.
Учинчидан, бу ХХI асрнинг мураккаб глобал шароитида сақлаб қолиш ва янада ривожланиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир. Зеро, глобал маданиятнинг салбий асоратлари тарқалиши ва қадриятлар емирилиши жараёни кечаётган бир даврда ташкилотга аъзо давлатлар халқларининг маданий ўзига хос жиҳатларини сақлаб қолиш жуда муҳим.
Тўртинчидан, халкаро муносабатларнинг бугунги боскичида ТДТ фаолияти янгича шароитда шаклланганлигини айтиш жоиз. Бу эса ташкилот нуфузининг хам халкаро алокалар тизимида ортишига замин хозирлади. Бундай шароитда аьзо-давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро тенглик, очиклик тамойиллари асосда олиб борилиши хамда кўп томонлама хамкорлик ривожи учун конструктив мухитни саклаб колиш амалиц характерга эга. Шундагина ТДТнинг халкаро микёсдаги мақоми янада ортиб бораверади.
Фикр-мулохазаларимиз мухтасарида глобаллашув йўлига қадам қўйган давлатлар ҳамда жаҳоннинг етакчи мамлакатлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш илм-фан, таълим, шаҳарсозлик ва технология ривожига фойдали таъсир кўрсатиши аниқлигини айтиш мумкин.
Қолаверса, бу иқлим ўзгариши, атроф-муҳит муаммоларини ҳал этиш ва аъзо давлатларнинг “яшил” иқтисодиётга ўтишида кўмак ҳамдир.
Баҳром Хўжанов,
сиёсий фанлар номзоди, доценти






