Наманган вилояти Давлатобод тумани психофизик ривожланишида бузилишлари бўлган ихтисослаштирилган турдаги болалар уйида ногирон қиз калтакланган.
Қайд этилишича, воқеа 29 сентябрь куни кузатув камераларига тушиб қолган. Тасвирда ногирон қизчага болалар уйи ходимининг қўпол муомалада бақириб овқатлантираётгани акс этган. Шунингдек, қизчани ухлатиш мақсадида бошига ураётгани айтилган.
Қизча туғма ногирон бўлиб, онаси томонидан даволанишга ётқизилган. Бола бир ой давомида масканда даволаниб, барча даво муолажаларини олган. Даволанишнинг сўнгги босқичида унинг аҳволи оғирлашиб, мушакларида тортишиш ҳолати кузатилган.
"Унинг овқатланишида ва ухлашида муаммолар юзага кела бошлади. Бу вазиятда қизни овқатлантиришга ҳаракат қилаётган ходимнинг муносабати сал қўполроқ кўринган бўлиши мумкин", — деган Болалар уйи раҳбари Наргиза Ҳамдамова.
Туман ички ишлар ходими ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани, суд тиббий экспертизаси тайинланиб, терговга қадар текширув тайинланганини маълум қилди. Ходимларга нисбатан интизомий жазо қўлланилган.






