2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида "Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим" мавзусидаги Глобал форум бўлиб ўтади. Бу ҳақда "Darakchi.uz" га Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.
Глобал форумнинг асосий мақсади– БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилишдан иборат. Шунингдек, ушбу соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувлар тақдимотини ташкил этиш, халқаро, минтақавий ва миллий даражаларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2022 йил 6 октябрдаги 51/2-сон резолюциясига мувофиқ, Глобал форум доирасида 2030 йилгача кун тартиби ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия бўйича бошқа тегишли ташаббусларни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи учун асосий соҳалар ва мавзули масалалар юзасидан таклифлар муҳокама қилинади.
Глобал форумнинг БМТ шафелигида гибрид форматда ўтказилиши бутун дунёдан кенгроқ аудиторияга, соҳа мутахассисларига виртуал тарзда иштирок этиш ва муҳокама сессияларида қатнашиш имконини беради. Унда халқаро экспертлар, мутахассислар, давлат органлари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, юқори лавозимли шахслар иштирок этиши мўлжалланмоқда.
Айни вақтда Глобал форумга қизғин тайёргарлик бошланган.