Жорий йилнинг 13 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “Хоразмда келин қайнонасини уриб қийнади” номли сарлавҳа остида видеолавҳа тарқалди.
Ҳолат бўйича ИИВ матбуот хизмати расмий маълумот берди.
Видеолавҳада бир аёл бошқа бир аёлни бош қисмига қўли билан урганлиги, жабрланувчи аёл эса бу вазиятда қаршилик кўрсатмаганлиги акс этган.
Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан олиб борилган дастлабки ўрганишларга кўра, ҳолат Урганч тумани “Шерматлар” маҳалласида содир бўлган.
Аниқланишича, ушбу хонадонда яшовчи, М.Ж. ўзаро келишмовчилик сабабли қайнонаси Ё.Ш. билан низолашиб келган ва қайнонасини бетоб бўлиб ётганлигидан фойдаланиб қўли билан бош қисмига урган, ушбу холатни жабрланувчининг турмуш ўртоғи қўл телефони орқали видеотасвирга олиб, жорий йилнинг 4-ноябр куни Урганч тумани ИИБ га тақдим этган.
Ўз навбатида Урганч тумани ИИБ томонидан 4-ноябр куни фуқаро Ё.Ш. га нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган, М.Ж. нинг хатти-ҳаракатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фуқаро Ё.Ш. га нисбатан келгусида келини томонидан зўрлик ва тазйиқ ўтказилишининг олдини олиш мақсадида “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилди.