Тошкент метрополитени матбуот хизматининг маълум қилишича, Тошкент метрополитенининг 7-бекати вақтинча хизмат кўрсатмайди.
"Тошкент шаҳри Фарғона йўли кўчасидан “Қўйлиқ” деҳқон бозори томон қурилаётган йўл ўтказгичининг метрополитен "Ер усти ҳалқа йўли" йўналиши 6- ва 7-бекатлари оралиғи ер устки қисмида қолип конструкцияларини демонтаж ва монтаж ишлари амалга оширилиши муносабати билан 7-бекат хизмат кўрсатмайди", - дейлади эълонда.
Таъкидланишича, 7-бекат жорий йилнинг 21 ноябрь кунидан 6 декабрь кунига қадар ёпилади. "Ер усти ҳалқа йўли" йўналишида поездлар ҳаракати “Дўстлик-2” бекати билан 6-бекат оралиғида ташкил этилади.
Шунингдек, йўловчилар учун 6- ва 7-бекат оралиғида автобус ҳаракати йўлга қўйилади.






