1

Ислом Каримов ўз қўли билан чизиб, комиссияга тақдим этган... Ўзбекистон давлат байроғи яратилиш тарихини биласизми?

ЖАМИЯТ 18.11.2022, 07:38
Ислом Каримов ўз қўли билан чизиб, комиссияга тақдим этган... Ўзбекистон давлат байроғи яратилиш тарихини биласизми?

Ҳар бир давлатнинг асосий рамзлари унинг тарихи, бугуни, келажаги ва шон-шуҳратини ўзида акс эттиради. Жумладан, Ўзбекистон давлат байроғи дунё бўйлаб Ўзбекистон деган номни намоён этиб турувчи энг муҳим рамзи ҳисобланади. Жаҳон ареналарида, дунё минбарларида давлат байроғи билан чиқамиз.

Бугун, 18 ноябрь Ўзбекистон давлат байроғига асос солинган кун. Ўзбекистон мустақилликка эришганининг дастлабки йилиданоқ — 1991 йил 18 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи республика давлат суверенитетининг рамзидир”.

Икки ярим йилдан ортиқ вақт кетган

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герби ва мадҳиясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши жараёни икки ярим йилдан кўпроқ муддатни ва амалий аҳамиятга эга бўлган бир неча босқичларни ўз ичига олган.

Биринчи, Ўзбекистон Республикасининг рамзий белгиларини ишлаб чиқишга тайёргарлик босқичи амалга оширилган. Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини қабул қилиш юзасидан конституциявий комиссия, экспертлар гуруҳи ва махсус комиссия тузилди.

Иккинчи, Ўзбекистон Республикаси давлат рамзлари ва уларнинг мусиқавий эквивалентини ишлаб чиқиш бўйича танлов босқичи амалга оширилди. Тайёргарлик ишлари 1991 йил 11 февралдан бошлаб юборилган бўлса, июнь ойида давлат байроғи ва герби лойиҳасига дастлабки танлов эълон қилинди.

Учинчи, лойиҳаларнинг умумхалқ муҳокамаси босқичи амалга оширилди. Бу босқичда давлат байроғи ва герби эмблемаларининг вариантлари, мадҳия матни ҳамда мусиқаси матбуотда умумхалқ муҳокамасига қўйилди.

Тўртинчи, Танлов ва умумхалқ муҳокамаси натижаларининг Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашида умумлаштирилиши босқичи. Тақдим этилган давлат байроғи эмблемаси лойиҳалари кўпчилик депутатларни қониқтирмади ва ижодий изланишлар давом эттирилди.

Биринчи Президент ғояси...

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов умумхалқ муҳокамаси давомида тушган таклифларнинг асосий ғояларини мужассамлаштириб, давлат байроғидаги учта асосий рангни – мовий, оқ ва яшил йўл-йўлларни ўз қўли билан чизиб, комиссияга тақдим этди ва унинг ушбу ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини қабул қилишда асос вазифасини бажарди.

Шундан кейин танловда ғолиб деб топилган давлат байроғи лойиҳасининг уч варианти парламент муҳокамасига қўйилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг уларнинг иккинчиси кўпчилик овоз билан асос сифатида қабул қилинди.

1991 йил 30 сентябрь куни давлат байроғининг эмблемаси парламент қарори билан қабул қилинди, 1991 йил 18 ноябрь куни парламент томонидан “Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Бугун давлат байроғи нафақат Ўзбекистон бўйлаб кўплаб расмий бино ва жойлар олдида, байрамлар майдонларига, балки дунё бўйлаб — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти биноси олдида, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги дипломатик, савдо ваколатхоналари ва консуллик муассасалари бинолари олдида Ўзбекистон давлат байроғи ҳилпираб туради.

Маълумот учун: “Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисидаги”га кўра, давлат байроғининг стандарт бўйича узунлиги 250 сантиметр, кенглиги 125 сантиметрга тенг. Ранг энлари кенглиги бир хил. Янги ой ва юлдузлар тасвири мовий рангли юқори эннинг ўртасидан 70х30 сантиметрга тенг тўғри тўртбурчакка сиғадиган қилиб жойлаштирилган. Юлдузлар узунасига ва тиккасига қуйидаги тартибда жойлашади: юқори қатор уч ва қуйи қатор беш юлдуздан иборат бўлиб, бу ўн икки юлдуз тасвири туширилган.  Ўзбекистон Республикаси байроғидаги бу ўн икки юлдуз қадимги йилномамизга бевосита алоқадор. Юлдузлар сарҳадимизда қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1