АсосийJamiyat

Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Самарқандда

'Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Самарқандда'ning rasmi

Самарқанд шаҳрида ўз ишини бошлайдиган “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича: “Глобал дарвоза” конференциясида иштирок этиш учун кеча Самарқанд шаҳрига Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия ташриф буюрди. Бу ҳақда вилоят божхона бошқармаси хабар бермоқда.

Давлат божхона қўмитаси Раиси А.Мавлонов юқори мартабали меҳмонни  Самарқанд халқаро аэропортида жорий йилдан ишга туширилган “Божхоначисиз назорат” тизими билан яқиндан таништирди.

Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган кенг қамровдаги ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти ва жозибадорлиги тобора ошиб бормоқда. Пировардида, мамлакатга амалга оширилаётган хорижий авиақатновлар ва ташриф буюраётган чет эллик сайёҳлар сони ҳам жадал ўсмоқда. Бундай вазият халқаро аэропортларда божхона назоратини янада тезкор ва самарали амалга оширишни тақозо этади. 

Шу мақсадда, жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, мамлакатимизда илк бора Самарқанднинг янги замонавий халқаро аэропортида “Масофавий божхона назорати” ёки содда қилиб айтганда божхоначисиз назорат тизими ишга туширилди. 

Янги тизим назорат камералари ва парвоз ҳақидаги олдиндан олинган маълумотларни таҳлил қилиш орқали йўловчилар ва уларнинг юкларини билвосита божхона назоратидан ўтказиш имконини беради.

Шунингдек, чет эллик сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида ички ҳудудда “Duty free” – божсиз савдо дўконлари ишга туширила бошланди.

Аэропортда божхона назорати ва расмийлаштирувини амалга ошириш жараёнларини кузатар экан, Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микурия Ўзбекистонда божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди ва ҳеч иккиланмасдан ташкилотга аъзо кўплаб мамлакатларга намуна сифатида кўрсатиш мумкинлигини қайд этди. 

Бош котибнинг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.

    Бошқа янгиликлар