Республиканинг барча ҳудудларида аёлларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштиришда “Агробанк” АТБ ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Бу борада банк кўмагида ўз бизнесини йўлга қўйган Самарқанд вилояти тадбиркор аёллари ҳам алоҳида эътирофга молик.
Масалан, вилоятнинг Паяриқ туманида истиқомат қилувчи Ўғилой Файзиева қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида банкнинг 200 миллион сўм кредит маблағи эвазига ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. Корхонада уч нафар ёшлар иш билан таъминланди.
Самарқанд шаҳридан Шаҳнозахон Исаева ҳам банкдан миллий либослар яратиш учун мато ва турли безаклар харид қилиш учун кредит маблағи олиб, ўз тадбиркорлигини янада фаоллаштирди. Икки нафар чеварни иш билан таъминлади.
Самарқанд туманидан Дилафруз Рўзимуратова ҳам банкдан олган 32 миллион сўм кредит маблағи асосида нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш тадбиркорлигини йўлга қўйган. Ажратилган кредит эвазига 3 та ишчи ўрни яратилган.
Бу каби аёл тадбиркорларимиз фаолиятини мисол сифатида кўплаб келтиришимиз мумкин. Асосийси аёллар кредит маблағидан оқилона фойдаланиб, даромадга эга бўлмоқда. Маҳалла ёшлари ҳамда аёлларини иш билан таъминламоқда.






