Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинди “Қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, очиқлик ва шаффофликни янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорга кўра, инвестиция дастурлари ва ташаббусли бюджетлаштириш асосида молиялаштириладиган қурилиш лойиҳаларини амалга оширишнинг янги тартиби белгиланмоқда.
Бунда:
- объектларнинг лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимида инсон омилисиз аниқланади.
Ҳозирда эса қурилиш соҳасида давлат харидлари бир нечта тизимларда: “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимида, “xarid.uzex.uz" платформасида ҳамда тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали амалга оширилмоқда;
2023 йил 1 мартга қадар қурилиш объектларида жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда камчиликлар ва қонун бузилиши ҳолатларини акс эттирувчи фото ва видео материалларни юклаш имконини берувчи “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимининг мобил иловаси яратилади.
Амалда рейтинг ва тендер юзасидан шикоятларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тизимли амалга оширилмаслиги, мурожаатларни ўз муддатида ҳамда самарали ҳал қилиш имконини бермаяпти.
- буюртмачи билан лойиҳачи ва пудратчилар ўртасидаги шартномалар фақат электрон рақамли имзо орқали тузилади.
Амалда эса тендер ғолиби билан буюртмачи ўртасидаги шартнома қоғоз шаклида тузилиши сабабли, уни расмийлаштириш жараёни кечикмоқда. Жорий йилда 500 дан ортиқ шартномалар тендер савдолари якунлангандан сўнг ўз муддатида (3кунда) расмийлаштирилмаган;
- манзилли рўйхатлар улардаги ҳар бир объектга идентификация рақами берилган ҳолда электрон тизимда юритилади.
Бу эса, манзилли рўйхат объектга идентификация рақами берган ҳолда электрон тизимда юритилиши рўйхатдаги ҳар бир ўзгариш қандай зарурият туфайли амалга оширилаётганлигини мониторинг қилиш ва шу орқали рўйхатларга асоссиз ўзгартириш киритишнинг олдини олиш имконини беради;
- хавф-хатар тоифасидан қатъи назар барча объектлар ваколатли органдан электрон рўйхатдан ўтказилади ва назоратга олинади.
Амалда эса ҳажми 300м3 дан кам бўлган объектлар Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан рўйхатдан ўтказилмайди ва назоратга олинмайди.
- объектлар юзасидан ҳоким ёрдамчиси, маҳалла фаоллари ва ёшлар етакчилари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа жамоат ташкилотлари жамоатчилик назоратини ўрнатади.
Ҳозирда эса Давлат дастурлари асосида қурилаётган лойиҳалар бўйича жамоатчилик назорати деярли мавжуд эмас. Янги қоида қурилишга ажратилаётган бюджет маблағлари сарфи ҳақида аҳолини хабардор қилиш орқали унинг сифати ва маблағларнинг мақсадли ишлатилишини таъминлаш имконини беради.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 февралдан бошлаб:
- бош пудрат ташкилоти томонидан бажарилган қурилиш ишлари ҳақидаги ҳисобот электрон тизимда шахсий кабинетда шакллантирилади ва буюртмачи билан электрон келишилади, молиялаштириш учун ғазначиликка электрон тизим орқали юборилади.
Ҳозирда объектдаги қурилиш ҳажмлари ҳақидаги ҳисобот пудратчи томонидан қоғоз шаклида тўлдирилиб, буюртмачи билан ҳам қоғоз ҳужжатда келишилади ва ғазначиликка тақдим этилади;
- лойиҳачи ва пудратчиларнинг рейтинги, ҳар бир объектнинг ҳужжатлари, бажарилган иш ҳажмлари ва молиялаштирилган маблағлар ҳақидаги маълумотлар реал вақт режимида жамоатчилик учун очиқ эълон қилинади.
Ҳозирда рейтингнинг очиқ эмаслиги, пудратчилар ўртасида унинг объектив эканлигига ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотларнинг шаффофлигига шубҳа уйғотмоқда. Шунингдек, 2021 йилда тендерларда қатнашган 6 мингтакорхонанинг рейтинг баллари шаклланишига асос бўлган қарийб 21 мингта маълумотлар ҳақиқий ҳолатга тўғри келмаслиги аниқланган.
Ташаббусли бюджетлаштириш асосида амалга ошириладиган қурилиш объектлари бўйича буюртмачилар белгиланмоқда.
- ички йўллар – Автомобиль йўллари қўмитасининг буюртмачи ташкилотлари;
- ичимлик сув таъминоти – “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” унитар корхонаси;
- электр энергияси, газ таъминоти ва алоқа тармоқлари – “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ва “Ўзбектелеком” АК;
ижтимоий соҳа объектлари, маҳалла идоралари, ободонлаштириш, тунги ёритиш ва бошқа объектлар – ҳудудий “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари.
Ҳозирда буюртмачи сифатида объектларни сақловчи органлар (мисол учун, ҳудудий таълим бўлимлари) белгиланган бўлиб, улар қурилиш-таъмирлаш ишларини бошқариш ва техник жиҳатдан назорат қилиш имкониятига эга эмас.
Молия вазирлигига Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартибини тасдиқлаш ва ушбу реестрни “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими билан интеграция қилиш вазифаси юкланмоқда.
Амалдаги қонунчиликда реестрнинг ҳуқуқий асоси ўрнатилган бўлсада, қандай тартибда шакллантирилиши ва унга кимлар киритилиши белгиланмаган.
Ҳисоб палатаси давлат дастурлари ва ташаббусли бюджетлаштириш асосида молиялаштириладиган объектларга ажратилган маблағларнинг мақсадли ҳамда самарали ишлатилишини назорат қилиб боради.
Қабул қилинган Президент қарори давлат бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали сарфланишини таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш орқали қурилиш устидан давлат ва жамоатчилик назорати механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга олиб келади.
Бу эса, қурилиш соҳасида коррупция, қолаверса инсон омилини камайтириш ва шу билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга хизмат қилади.






