1

Франция — Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган Европадаги биринчи давлат

СИЁСАТ 21.11.2022, 10:48
Франция — Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган Европадаги биринчи давлат

Аввал хабар қилганимиздек, бугун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Президентининг таклифига мувофиқ ушбу мамлакатга учиб кетди. Бу давлат раҳбарининг сўнгги тўрт йилдаги иккинчи ташрифи бўлади. Эътиборлиси шундаки, Ш. Мирзиёев бундай қисқа вақт ичида иккинчи марта бошқа ҳеч қайси Европа мамлакатида бўлмаган эди.  

2018 йил октябрь ойида Франция Президенти Эммануэл Макроннинг таклифига биноан Ўзбекистон Раҳбари Францияга расмий ташриф билан борган ва Ўзбекистон Раҳбари ташриф буюрган Европадаги биринчи давлат бўлганди. Натижада 3,4 млрд евролик 11 та битим ҳамда инвестициявий ва савдо шартномалари пакети имзоланди.

Парламентлар ва жамоатчилик даражасида алоқалар фаол ривожланмоқда. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида (қуйи палата) Франция Сенати ва Миллий ассамблеяси билан дўстлик гуруҳлари тузилди. Умуман олганда, бугунги кунда томонлар ўртасида мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий база шакллантирилган: жами 50 га яқин турли характердаги ҳужжатлар имзоланган.

Ўтган 5 йил давомида Ўзбекистон-Франция муносабатларида барча соҳаларда фаол, очиқ ва ишончли мулоқот кузатилмоқда.

Жумладан, бугунги кунда Франция Ўзбекистоннинг иқтисодий, инвестициявий, молиявий ва техник соҳалардаги муҳим ҳамкори ҳисобланади. Энергетика, автомобилсозлик, геология қидирув, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналари мавжуд.

- Ўзбекистонда сўнгги йилларда Франция компаниялари иштирокидаги қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони уч баробар ошди.

-“Тоталь Эрен” компанияси билан биргаликда май ойида Самарқанд вилоятида минтақадаги энг йирик қуввати 100 МВт бўлган қуёш станцияси ишга туширилди. Энергетика соҳасида бошқа истиқболли лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.

- Француз компанияларининг фаол лойиҳалари портфели 5 миллиард евродан ошади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида имзоланган Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим доирасида Франция билан энг кўп қулайлик режими яратилди. Ўзаро савдонинг тобора ўсиши кузатилмоқда. Жорий йилнинг январ-октябр ойларида унинг ҳажми 7,6 фоизга, Ўзбекистон маҳсулотларининг Францияга экспорти эса 8 баробарга ошди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1