Ижтимоий тармоқларда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда Бухоро муҳандислик-технология институтида фаолият юритиб келаётган яширин цех аниқлангани ҳамда ушбу ҳудудни Давлат томонидан грант лойиҳаси учун ажратилган хона деб яшириб келишгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Хабарда "Бу ҳудудни давлат томонидан Грант лойиҳаси учун ажратилган хона деб яшириб келишган. Стартап лойиҳаси учун 313,2 миллион сўм ва Грант учун ажратилган 1 миллиард сўм ҳақида ҳам айтворинглар, ҳақиқатни билайлик!" дейилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Инновацион ривожланиш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди:
Бухоро муҳандислик-технология институти томонидан амалга оширилган "Қандли диабет билан касалланган беморлар учун профилактик пойабзалнинг самарали технологиясини яратиш ва конструкциясини ишлаб чиқиш" инновацион лойиҳаси 2020 йил апрель ойидан 2022 йилнинг апрель ойигача амалга оширилган. Лойиҳа инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 1 млрд сўм миқдорида молиялаштирилган. Лойиҳа раҳбари педагогика фанлари номзоди, доцент Узоқова Лайло Полвоновна бошчилигидаги илмий жамоа қандли диабет билан касалланган беморларнинг оёқ панжаси текисликдаги босимни ўлчаш учун махсус подографик платформа қурилмасини, Пойабзалнинг самарали конструкцияси ва технологик регламентини ишлаб чиққан.
Ишлаб чиқилган пойабзал қандли диабет билан касалланган беморда қўлланилганда, оёқ панжаси босимининг тақсимланиши ҳисобига оёқ панжасида келиб чиқадиган ҳар хил яра ва патологик ўзгаришларни олдини олиши ва мавжуд яллиғланишларнинг камайиши аниқланган.
25.11.2022 10:53
Инновацион ривожланиш вазирлиги Бухородаги яширин "цех" ҳақида маълумот берди
