1

Контрафакт маҳсулотлар: тамакининг ноқонуний айланмаси фош этилмоқда

ЖАМИЯТ 26.11.2022, 10:59
Контрафакт маҳсулотлар: тамакининг ноқонуний айланмаси фош этилмоқда

Ўзбекистонда контарбандага карши курашиш, ноқонуний товарлар айланмасига чек қўйиш бир қатор ташкилотлар томонидан биргаликда амалга оширилади. Дарҳақиқат, аввал биргина божхона тизимида республиканинг турли ҳудудларида аниқланаётган контрафакт тамаки маҳсулотлар ҳақида хабар берган эдик. Айни пайтда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ҳам акциз маркасиз тамаки маҳсулотларининг муомалага киритилишининг олди олинди.

ҚАРИЙБ 5 МИНГ ҚУТИ ТАМАКИ

Департаментнинг Поп тумани бўлими томонидан ИИБ ва ДСИ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ш.Х. ва бошқалар фуқаро Ш.Ш.нинг бошқарувидаги “ISUZU” русумли юк автотранспорт воситасида хорижда ишлаб чиқарилган 4 970 қути акциз маркаси бўлмаган “Milano” номли тамаки маҳсулотларини Самарқанд вилоятида ўтказиш мақсадида олиб кетаётганликлари аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 186-1-моддаси (тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

УШЛАБ ҚОЛИНГАН ТАМАКИЛАР НИМА ҚИЛИНАДИ?

Сўнгги пайтларда ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси ва муомалага киритилишига қарши чора-тадбирлар, аниқланган фактлар ҳақида маълумотлар келтирар эканмиз, барчани бир савол қизиқтириши табиий: олиб қўйилган сифати кафолатланмаган маҳсулотлар нима қилинади? Эгасига қайтариладими, қонунийлаштириб, савдога чиқариладими? Жавоб аниқ: фош этилган барча контрафакт маҳсулотлари кенг жамоатчилик гувоҳлигида йўқ қилинади. Дарҳақиқат, Тошкентда ана шундай тамаки маҳсулотларини ёқиб юбориш операцияси амалга оширилди. 

Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти божхона бошқармаларининг тезкор тузилмалари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда жорий йилда аниқланган 4 та ҳолатда ноқонуний муомаладан олиб қўйилган ва суд ҳукмига кўра йўқ қилиши белгиланган, қиймати 297,4 млн. сўмлик 34,2 минг қути тамаки маҳсулотлари жамоатчилик гувоҳлигида ёқиб юборилди.

РЕЙДЛАРДА...

Ушбу тамаки маҳсулотлари қуйидаги божхона қонунбузилиши ҳолатларида ноқонуний муомаладан олиб қўйилиб, суд ҳукмига қадар вақтинча сақловга олинган эди. 

Жумладан, 2022 йил 30 март куни олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси Зангиота тумани ҳудудида тўхтатилиб кўздан кечирилганида, юкхонада хорижда ишлаб чиқарилган           ва рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган, қиймати 63 млн. сўмлик             7 минг қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди. 

2022 йил 20- ва 27-апрель кунлари пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбирларда аввалдан кузатувга олинган шахслардан бири муқаддам ноқонуний йўллар билан олиб кирилган ва сифати кафолатланмаган, қиймати 82,1 млн сўмлик 8600 қути, яна бир шахс эса 61,3 млн. сўмлик 5600 қути тамаки маҳсулотларини юк машиналарига ортаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

2022 йил 21 июль куни Тошкент вилояти божхоначилари томонидан аниқланган навбатдаги ҳолатда эса божхона ходимларини чалғитиш мақсадида қиймати 91 млн. сўмлик 4 турдаги 13 минг қути тамаки маҳсулотлари юк машинасидаги ёғоч эшик ромлари орасига моҳирлик билан яширилгани фош қилинди. 

Мазкур ҳолатларда қонунбузар шахслардан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини асосан “Milano”, “Esse”, “Mond” ва “Marlboro” номли сигаретлар ташкил қилмоқда. 

Маълумот учун: 2022 йил 22 ноябрь ҳолатига кўра республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган314 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида қиймати салкам 19,2 млрд. сўмлик 1 578 346 қутитамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. Аниқланган ҳолатларининг 71 таси бўйича жиноят ишлари қўзғатилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиштирилганда, ушлаб қолинган тамаки маҳсулотлари 9 фоизга кўпайган. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1